Путиннинг Украинадаги уруш имкониятлари тугаяпти – “Bloomberg”
Олам
−
11 Ноябрь 2022
8023Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу рус қўшинларига Херсондан чекинишга буйруқ берди. Бу жанг майдонида катта муваффақиятсизлик. Шунингдек, Россия Президенти Владимир Путиннинг Индонезияда бўлиб ўтадиган G20 саммитига бормаслик ҳақидаги қарори унинг дипломатик таъсирининг пасайиб бораётганидан далолат беради. Бу ҳақда "Bloomberg" нашри ёзмоқда.
Нашрнинг қайд этишича, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украинадаги босқинчи кучлар қўмондони Сергей Суровикин чекинишларини эълон қилганида Путин бундай қарорни қабул қилишга тайёр бўлмаган.
Қайд этилишича, Кремль Путинни Херсон вилояти ва Украинанинг бошқа ҳудудларини доимий равишда аннекция қилиш истагига зид бўлган мағлубиятлар билан боғлашни истамайди.
Шунингдек, Путин G20 аъзолари бўлмиш жаҳон етакчилари томонидан урушга қарши кескин жамоатчилик танқидига дуч келиши мумкин. Путин учун бу саммитда иштирок этиш ҳар қандай фойдадан устун турарди.
Путин дипломатик ёрдам олиш учун Хитой раҳбари Си Цзиньпин ёки Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модига мурожаат қилиши мумкин.
Аммо иккаласи ҳам ўтган ҳафта ўзларининг норозилик сигналларини юборди. Си ядро қуролидан ҳар қандай ҳолатда фойдаланишнинг оқибатларидан огоҳлантирди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири эса Москвада туриб, ривожланаётган мамлакатлар “жуда ўткир оғриқ” остида эканини айтди. Чунки уруш озиқ-овқат ва энергия инқирозини кучайтирмоқда.
Кремль раҳбари ички ва хорижда тобора кучайиб бораётган тўсиқаларга дуч келаётганига қарамай, Путин таслим бўлиш ва тинчлик сўраш томон бораётгани ҳақида ҳеч қандай аломат йўқ. Бироқ, унинг манёвр қилиш майдони жуда торайиб бормоқда.