Путиннинг НАТО билан уруши нималарга олиб келади?

Олам

image

Россия НАТО давлатларига қарши урушга икки йилдан беш йилгача муддатда тайёр бўлиши ва бу уруш жаҳон иқтисодиётига 1,5 трлн долларга тушиши мумкин. Бу ҳақда “Bloomberg Economics” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Россия Президенти Владимир Путин орзу қилаётган совет қудратини тиклаш йўлидаги навбатдаги агрессиянинг эҳтимолий нишони Болтиқбўйи республикалари бўлиши мумкин. Ҳатто агар АҚШ Президенти Дональд Трампнинг администрацияси НАТОдаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватламаса ҳам, уларнинг ҳимоясига бошқа Европа давлатлари чиқади.

“Bloomberg” таҳлилчилари томонидан Путиннинг яна бир уруши жаҳон иқтисодиётига қандай зарар етказиши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилган. Унга кўра, уруш ҳаракатлари зоналаридаги вайронагарчиликлар, Россиядан таъминот тўхташи сабабли энергия нархларининг ошиши, молия бозорларидаги қулаш оқибатида глобал ЯИМ биринчи йилдаёқ 1,3 фоизга ёки 1,5 триллион долларга камайиши мумкин. Бу 2022 йилда Россиянинг Украинага тўлиқ бостириб кириши оқибатидаги глобал ЯИМдаги 1,5 фоизлик йўқотишларга тенг.

Бироқ йўқотишлар тенг тақсимланмайди. Энг катта зарбани Болтиқбўйи давлатлари олади – уларнинг ЯИМ 43,4 фоизга тушиши мумкин (солиштириш учун – Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотига кўра, 2022 йилда Украинада бу кўрсаткич 28,8 фоиз бўлган). Урушга жалб қилиниши мумкин бўлган бошқа Европа давлатлари, жумладан, Финляндия, Швеция, Польша ва Германия ҳам сезиларли зарарга дуч келади.

“Bloomberg” маълумотига кўра, Евроиттифоқнинг умумий ЯИМи 1,2 фоизга қисқаради: мудофаа харажатларининг ошиши энергия нархлари, инфратузилма зарарлари ва бозор силкинишлари туфайли юзага келадиган йўқотишларни бир қадар юмшатади.

Россия эса ўз иқтисодиётидан 1 фоиз йўқотади, чунки мамлакат аллақачон сезиларли даражада яккаланган, санкцияларга мослашган ва иқтисодий пасайиш ҳарбий саноат орқали қисман қопланган бўлади. АҚШда молиявий бозорлар нотинчлиги ЯИМнинг 0,7 фоизини, Хитойда эса молиявий шароитларнинг кескинлашиши ва энергия нархларининг ошиши 0,8 фоиз ЯИМни “олиб қўяди”.

Агар уруш бошқа Европа давлатларига ёйилса, йўқотишлар анча ортади. АҚШнинг тезкор ҳарбий ёрдамисиз можаро кескинлашиши мумкин. Россия Болтиқбўйи давлатларига қўшин киритишга уринса, Болтиқ денгизи устидан назоратни қўлга киритмоқчи бўлса ёки Калининград вилоятини Беларусь билан боғловчи Сувалкий йўлагини (Литва ва Польша орасидаги ҳудуд) эгаллашга ҳаракат қилса, яқин атрофдаги Европа давлатлари урушга киришади. Россия эса Европадаги ҳарбий базаларга, инфратузилма объектлари ва шаҳарларига ракета ҳужумлари уюштириши, қувурлар ва алоқа кабелларига зарар етказиш мақсадида амалиётлар ўтказиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ НАТО Европадаги аъзо давлатлардан Россия тажовузи таҳдидига жавобан муҳим бўшлиқни тўлдириш мақсадида ерусти ҳаво мудофааси салоҳиятини 5 бараварга оширишни сўраётгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Россия Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг