Путиннинг Херсонга боргани акс этган видеолар монтажми? (видео)
Олам
−
18 Апрель 2023
13863Кремль бугун, 18 апрель куни Президент Путиннинг аннексия қилинган Луганск ва Херсон ҳудудларига амалга оширган ташрифи акс этган видеони эълон қилди. Бироқ ушбу тасвир муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда давлат раҳбарининг ҳарбий хизматчиларга XIX асрдаги Россия армиясининг энг муваффақиятли Мудофаа вазирларидан бирига тегишли бўлган иконанинг нусхасини топширгани акс этган. Путин иконани берар экан, насронийлар байрами Пасхани назарда тутиб, “яқинлашиб келаётган” деб айтади. Ваҳоланки, христианлар Пасхани 16 апрель куни кутиб олган.
Айнан шу Путиннинг Херсонга боргани ҳақидаги тасвирларни шубҳа остига қўймоқда. Шунга асосланиб унинг ташрифи бугун эмас, балки ўтган ҳафта амалга оширилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Бунга нисбатан Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков расмий муносабат билдириб, Путиннинг сафари Пасхадан кейин – 17 апрелда амалга ошганини маълум қилди.
“Бу кеча эди. Дарҳақиқат, президент иконани берганида, Пасха яқинлашаётганини айтди. Аммо ҳақиқат шундаки, Пасха бизда 40 кун нишонланади. Ва ҳозир байрам ҳафтаси. Шунинг учун бу шунчаки англашилмовчилик. Биз бир жумлани ушлаб олдик ва дарҳол йўқ бўлган фаразларни қила бошладик. Бу ташриф кеча бўлиб ўтди”, дейди у.
Президент Херсоннинг қаерига ва айнан қайси пайт боргани эса ошкор қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Путин бундан аввал, шу йилнинг март ойида Украинанинг босиб олинган Мариуполь шаҳрига борган эди.
LiveБарчаси