Путиннинг инаугурацияси: У бешинчи марта Россия тахтини эгаллади (видео)
Олам
−
07 Май
7730Бугун, 7 май куни Москвадаги Кремль саройида Владимир Путиннинг Россия Президенти лавозимига киришиш маросими бўлиб ўтмоқда. Маросим маҳаллий ОАВ томонидан трансляция қилинмоқда.
Маросимда Путин қасамёд қилиб, “инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ-эркинликларини” ҳимоя қилишга ваъда берган. У расман Президент лавозимини эгаллади.
Инаугурацияда Россия Бош вазири Михаил Мишустин, Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Москва мэри Сергей Собянин, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва бошқа Россия расмийлари ҳамда минтақа раҳбарлари иштирок этмоқда.
Буюк Британия ва Европа Иттифоқи дипломатлари маросимда иштирок этишдан бош тортган. Маросимда Франция элчиси Пер Леви иштирок этиши хабар қилинганди. Давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков уларнинг қарори Москванинг жавоб чораларига сабаб бўлмаслигини айтган.
Маълумот учун, Кремль ҳудуди 7 май куни ташриф буюрувчилар учун ёпилган. Россияда президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Владимир Путин сайловда 87,28 фоиз овоз олган.
Россия мухолифати, жумладан, колонияда вафот этган россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная ҳамда сиёсатчи ва журналист Владимир Кара-Мурза 2024 йилги Россия президенти сайлови натижаларини тан олмасликка чақирган. Европа парламенти “Россиядаги президентлик сайловлари”нинг ноқонунийлиги тўғрисида”ги резолюцияни қабул қилган.
Инаугурация маросимидан сўнг Путин ушбу лавозимда яна олти йил, 2030 йилнинг майигача фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу билан Путин Россияни Иван Грозний ва Екатерина II дан кейин энг узоқ вақт бошқарган ҳукмдорга айланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь