Путинни аёвсиз танқид қилган Стрелков қамалди
Олам
−
21 Июль 2023
8965Бугун, 21 июль куни тушдан сўнг тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси собиқ Мудофаа вазири ва Россия Федерал Хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Игорь Стрелков ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Кун якунланмай унинг суди ҳам бўлиб ўтди ва амалдаги ҳукуматни аёвсиз танқид қилиб келган Стрелков “экстремизмга тарғиб қилиш” айблови билан икки ой қамоқда сақлаб туришга ҳукм қилинди.
Қайд этилишича, у даставвал судга оммавий ахборот воситалари киритмаслигини сўраган. Аммо унинг илтимоси рад этилган. Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 280-моддаси иккинчи қисми (Экстремизмга даъват қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу модда 5 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.
Таъкидланишича, судда Стрелковни тергов изоляторига жўнатиш сўралган. Унинг ўзи эса изоляторда эмас, уй қамоғида сақлашларини илтимос қилган.
“Яқинда менга иккинчи даражали ангина пекториси ташхиси қўйилди, ҳеч қандай маълумотнома олишга улгурмадим. Мен ҳар куни керакли дори-дармонларни қабул қиламан. Менга уй қамоғи тарзида эҳтиёт чораси қўлланилишини истайман... Терговчининг чет элда яширинишим мумкинлиги ҳақидаги баёноти очиқчасига кулгили, мени дунёнинг аксарият мамлакатларида Интерпол қидирмоқда. Мен Гаага трибунали томонидан “қилмаган жиноятим” учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиндим”, деган у.
Унинг адвокати Александр Молоховга кўра, судда унинг Telegram каналига 2022 йилнинг 25 май куни жойланган пост намойиш қилинган. Жиноят иши эса “Вагнер” собиқ шифокорининг талаби билан 2023 йил 18 июлда очилган.
Стрелков унга қўйилган айбларни тан олмаган ва суд билан ҳамкорлик қилишдан бош тортган.
Маълумот учун, Игорь Стрелков Россия армияси ва Федерал Хавфсизлик хизматининг собиқ зобити саналади. У 2014 йилда Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ҳамда Донбассдаги урушда тан олинмаган Донецк Халқ Республикаси ҳарбий гуруҳларининг ташкилотчиси сифатида муҳим роль ўйнаган. Кейинчалик ДХР Мудофаа вазири деб эълон қилинган. Бироқ Малайзия самолётининг уриб туширилиши оқибатида 298 йўловчи ҳалок бўлганидан сўнг вазифасидан озод қилинган. Игорь Гиркин Украина ҳукумати томонидан терроризмда айбланган. Украина шарқидаги сепаратистик ҳаракатлари ортидан бир қатор давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Япония, Канада, Швейцария ва Украина унга нисбатан санкциялар киритган.
Гиркин аввалига Россиянинг Украинага босқинини қўллаб келди. Бироқ, кейинчалик армияни лаёқатсизликда айблай бошлади. У 2022 йилнинг октябрь ойида Украина урушида бир муддат кўнгилли сифатида ҳам қатнашди. Россияга қайтганидан сўнг эса урушда янада қатъийроқ чоралар кўриш тарафдори бўлган “Ғазабланган ватанпарварлар клуби”ни тузди.
Таъкидлаш жоизки, Игорь Стрелков Путинни ҳам жуда қаттиқ танқид қилиб келди. Жумладан, жорий йилнинг июнь ойида унинг Путин урушда ҳеч қачон ғалаба қозона олмаслиги ҳақидаги видеоси тарқалди.
“Армиямиз бу урушда қандай ғалабаларга эришмасин, мамлакат раҳбариятининг бундай ёндашуви билан йўқотишларимиз ортаверади”, деган эди у.
Стрелков, шунингдек, Украинада бир неча кун ичида кўплаб Россия танклари йўқ қилинганини танқид қилиб, Путин ҳақида шундай деганди:
“2023 йилнинг июнь ойида Херсон ташлаб кетилди, Изюм ташлаб кетилди, Купянск ташлаб кетилди... У танкни параддан бошқа ҳеч қаерда кўрмаган, унинг миясига нима бўлган? У ҳақиқатан ҳам кекса одамга ўхшаб эмас, ёш бола каби ҳаракат қилмоқда”.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь