Путинга рақиб бўлишни истаган рус қўмондони қамалди
Олам
−
25 Январь
20574Москва шаҳар суди тан олинмаган ДХРнинг собиқ "мудофаа вазири" Игорь Гиркинни интернетда экстремизмга даъват қилганликда айбдор деб топиб, 4 йилга умумий режимдаги колонияга ҳукм қилди. Бундан ташқари, унга веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни бошқариш тақиқланди. Бу ҳақда бугун, 25 январь куни “Медиазона” суд залидан туриб хабар берди.
Дастлаб прокурор Гиркинни 4 йил 11 ой умумий режимдаги колонияга ҳукм қилишни сўраган. Гиркинга нисбатан жиноий иш 2023 йил 18 июлда очилган ва уч кундан кейин у Москвада ҳибсга олинган. У Лефортово тергов изоляторида ҳибсда сақланган.
Жиноий иш 2023 йил май ойи охирида Россия Федерацияси томонидан аннексия қилинган Қримни топширишга тайёргарлик кўрилаётгани ҳамда 105- ва 107-ҳаво-десант полкларининг сафарбар этилган аскарларининг оилалари зарур тўловларни олмагани ҳақидаги Telegram-каналида эълон қилинган иккита пост ҳақида эди.
Гиркин экстремистик фаолиятга чақиришда айбланган, суд ёпиқ эшиклар ортида ўтган.
Қайд этиш жоизки, Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли қуролли бостириб кириши бошланганидан бери Игорь Гиркин мунтазам равишда урушнинг боришини шарҳлаб турган ва кўпинча Россия раҳбариятининг ҳаракатларини танқид қилган.
Ноябрь ойида Гиркин президентлик сайловларида қатнашиш нияти борлигини маълум қилган. 25 декабрь куни Москвада уни Россия Федерацияси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш бўйича ташаббус гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Уни қўллаб-қувватлаган баённомалар нотариуссиз имзолангани сабабли ташаббус гуруҳи Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларни тақдим эта олмади.
Маълумот учун, 2014 йилнинг апрель ойидан бери Гиркин Украина шарқидаги россияпараст қуролли кучларга қўмондонлик қилиб келган. У 2014 йилнинг майидан августигача тан олинмаган ДХР нинг “мудофаа вазири” лавозимида ишлаган.
2022 йил ноябрида Нидерландия суди Гиркинни 2014 йилда Донецк вилоятида Россиянинг “Бук” ҳаво мудофаа тизими томонидан уриб туширилган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг “Boeing” самолёти ҳалокатида айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ушбу офат оқибатида 298 киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси