Путинга аниқ сигнал юбориш керак: унинг режаси иш бермайди – Шольц
Олам
−
06 Февраль
14843Германия канцлери Олаф Шольц Украинага ҳарбий ёрдамни камайтирмасликка чақирди. Бу ҳақда у кеча, 5 февраль куни Берлинда Франция Бош вазири Габриэль Атталь билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
“Мен Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар Россия Президентининг бу муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади, деган умидини йўққа чиқариш учун ҳам (Украинага) катта ёрдам юбориши керак деб ҳисоблайман”, дейди Шольц.
Германия канцлерининг айтишича, Владимир Путин қачонлардир Ғарб мамлакатлари Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатишига умид қилмоқда.
"Унга Қўшма Штатлар ва Европадан аниқ хабар юбориш керак: бу режа иш бермайди. Биз Украинани қўллаб-қувватлаймиз", деб такидлайди Олаф Шольц.
Ўз навбатида, Габриэль Атталь Франция Украинага ёрдам дастурини кенгайтириш ниятида эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, гап нафақат молиявий ёрдам, балки қурол-яроғ ҳақида ҳам кетмоқда. Шу билан бирга, Атталь етказиб берилаётган қуролларнинг сифати ҳам муҳим эканини айтди.
“Улар (қуроллар) украиналиклар ўзларини ҳимоя қилиши учун зарур бўлган энг юқори стандартларга жавоб бериши керак”, дейди Бош вазир.
Атталь Франция Украинага SCALP қанотли ракеталарини етказиб берганини эслатди. Бироқ, Шольц ҳали ҳам Киевга кучлироқ немис TAURUS ракеталарини топширишдан бош тортмоқда.
Қайд этиш жоизки, Германия Украинага Россиянинг босқини бошланганидан бери кўрсатилган ёрдам миқдори бўйича Европа давлатлари орасида етакчилик қилмоқда. 2022 йил 24 февралдан бери Берлин Киевга 6 миллиард еврога яқин ҳарбий ёрдам берган. Хусусан, Германия Украинага Leopard танклари, IRIS-T SLM ҳаво мудофаа тизимлари ва улар учун ракеталарни етказиб берди.
Бундан ташқари, Германия ҳукумати 2024 йилда Украинага ҳарбий ёрдам миқдорини икки баравар оширишни режалаштирмоқда. Бунинг шарофати билан Германия мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2,1 фоизигача оширади ва шу тариқа НАТО талабини қондиради.
Бироқ, Германияда Украинани узоқ масофага учувчи TAURUS ракеталари билан таъминлаш имконияти бўйича баҳслар давом этмоқда. У Бундесвернинг 500 километр масофага учадиган энг замонавий юқори аниқликдаги ракеталаридан бири. Бу ракета бункерлар ва кўприкларни йўқ қилиш учун жуда самарали восита ҳисобланади. Кўпгина немис сиёсатчилари Киевга ракеталарни етказиб бериш тарафдори, аммо Олаф Шольц бунга рози эмас. Бу TAURUS Россия ҳудудида жойлашган нишонларга ҳам зарба бериши мумкинлиги билан боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Испаниянинг “El Pais” газетаси Украинада уруш қанча узоқ давом этса, Киев иттифоқчилари унга ёрдам қўлини чўзишлари шунчалик қийинлашишини ёзганди.
LiveБарчаси