Путин воситачилик учун Эрдўғанга раҳмат айтди

Олам 5969
image
-

Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Эрдўғанга Ярошенкони Ридга алмаштиришда воситачилик қилгани учун миннатдорлик билдирди. Бу воқеа Туркияда, Президент идорасида бўлиб ўтганди.

“Мулоқот чоғида кеча Туркияда бўлиб ўтган Россия ва АҚШ ўртасидаги алмашинув, Украинадаги уруш билан боғлиқ воқеалар юзасидан фикр алмашилди. Россия Президенти Путин музокаралар чоғида кеча Туркияда Миллий разведка ташкилоти координацияси ва назорати остида бўлиб ўтган рус учувчи Константин Ярошенко ва АҚШ денгиз пиёдаси Тревор Рид алмашинуви учун Президент Эрдоғанга миннатдорлик билдирди”, дейилади Туркия Президенти девони хабарида.

Президент Эрдўған Туркиянинг бу алмашинувда воситачилик қилиши нафақат тинчлик, мулоқот ва ҳамкорликка берган эътиборининг белгиси, балки воситачилик миссияси нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятли эканлигини айтган.

Эрдўған ва Путин Украинадаги вазиятни ҳам муҳокама қилган. Туркия Россия ва Украина ўртасидаги келишувда етакчиликни қўлга олишга ва унга эришиш йўлида воситачи бўлишга тайёр экани таъкидланган.

Мулоқот чоғида Россия Федерацияси ва Туркия разведка ташкилотлари ўртасидаги мувофиқлаштириш ва яқин мулоқот барқарорлик ўрнатилишига ҳисса қўшади, деган Эрдўған.

“Президент Эрдўған разведка ташкилотлари ўртасидаги мувофиқлаштириш ва яқин мулоқотни давом эттириш зарурлиги ҳақида гапирди. Унинг айтишича, бу минтақада ғайриинсоний фожиаларининг олдини олиш ва барқарорликни ўрнатишга ёрдам беради”, дея хабар берган Туркия Президенти девони.

Эслатиб ўтамиз, Эрдўған 26 апрель куни ҳам Путин билан қўнғироқлашганди. Ўшанда Эрдўған Путин билан суҳбатда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида Истанбулдаги музокаралар чоғида юзага келган ижобий муносабатни сақлаб қолиш барча томонларнинг манфаатларига мос эканлигини айтган. У шунингдек, Путинга Истанбулда Зеленский билан учрашишни таклиф қилган.

Маълумот учун, кеча, 27 апрель куни Россия америкалик талаба Тревор Ридни АҚШда қўлга олинган учувчи Константин Ярошенкога айирбошлади.

Техаслик талаба Тревор Роуди Рид 2020 йилда Москвада тўққиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 2019 йил август ойида у полицияга ҳужум қилган. Бўлимга хизмат машинасида кетаётиб, ҳайдовчининг кийимини йиртиб, бошқа полициячини урган.

Константин Ярошенко 2011 йилда АҚШ суди томонидан қамоққа олинган эди. У гиёҳванд моддаларни контрабанда қилиш бўйича тил бириктирганликда айбланиб, 20 йилга қамалган. 2010 йил 28 майда Либерияда ҳибсга олинган ва кейин АҚШга юборилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 103
Рейтинг: 3
t
×