Эрдўған Путин билан Украинадаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
26 Апрель 2022
13066Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 26 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.
Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлими маълумотларига кўра, Эрдўған Путин билан суҳбатда Россия Федерацияси ва Украина ўртасида Истанбулдаги музокаралар чоғида юзага келган ижобий муносабатни сақлаб қолиш барча томонларнинг манфаатларига мос эканлигини айтган.
Туркия раҳбари ўт очишни тўхтатиш, гуманитар коридорлар самарадорлиги ва уруш зоналаридан хавфсиз эвакуация қилиш муҳимлигини таъкидлаган.
Эрдўған барча томонлар манфаатларига зарар етказиш мумкин бўлган ҳаракатларни тўхтатилиши шартлигини таъкидлаган.
Туркия Президенти Анқара Россия Федерацияси ва Украина ўртасида узоқ муддатли тинчликни таъминлашга бундан кейин ҳам муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигига ишонтирган.
Шу билан бирга, Эрдўған Истанбул музокаралари жараёнидаги муҳим босқич сифатида Россия Федерацияси ва Украина Президентлари ўртасида учрашув ўтказиш ғоясини яна бир бор эслатган.
Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокаралари 28 февралда, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий юришининг тўртинчи куни бошланди. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.
LiveБарчаси