Путин ва Жапаров рус тилида ўқитиладиган мактаблар қурилишига старт берди
Олам
−
01 Сентябрь 2023
5408Бугун, 1 сентябрь куни Россия Президенти Владимир Путин ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Бишкек, Боткен ва Қоракўлда рус тилида ўқитиладиган учта мактаб қурилиши бошланишига бағишланган маросимда видеоалоқа орқали иштирок этди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
“Ишончим комилки, янги рус мактаблари Қирғизистоннинг ёш авлодини ҳар томонлама тарбиялаш ва ўқитишга ҳисса қўшади, шу орқали давлатларимиз халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик анъаналарини чуқурлаштиришга, ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга, Россия ва Қирғизистон ўртасидаги ҳақиқий стратегик шерикликка ҳисса қўшади”, деган Россия Федерацияси Президенти.
Путиннинг сўзларига кўра, 2027 йилгача Россия Қирғизистоннинг еттита шаҳри ва иккита қишлоғида тўққизта мактаб қуришни режалаштирмоқда. У ерда 11 мингдан ортиқ бола таълим олади.
Қайд этилишича, мазкур мактаблардаги ўқув жараёни бир вақтнинг ўзида ҳам Россия, ҳам Қирғизистон таълим стандартлари бўйича олиб борилади. Мактаб битирувчилари эса иккита аттестат олади.
Шу билан бирга, Россия раҳбари Президент Жапаровнинг рус тилига оид турли лойиҳаларни амалга оширишдаги шахсан иштирокини қайд этган.
“Таъкидлайманки, бу хилма-хил таълим лойиҳаларининг барчаси Қирғизистонда рус тили ўз ўрнини сақлаб қолиши учун кўп ишларни амалга ошираётган Президент Садир Жапаровнинг қўллаб-қувватлаши ва шахсий иштироки туфайли амалга ошди”, дейди Путин.
Ўз навбатида, Садир Жапаров Қирғизистоннинг барча вилоятларида ҳамда Бишкек ва Ўш шаҳарларида Путиннинг шахсий кўмаги билан ҳар бири 1224 ўринга мўлжалланган тўққизта замонавий мактаб барпо этилишини қайд этган. Унинг айтишича, бугун қурилишига старт берилган мазкур учта мактаб 2025 йилнинг 1 сентябрига қадар ўқувчилар учун ўз эшикларини очади.
Бундан ташқари, Жапаров “Россия ўқитувчиси чет элда” гуманитар лойиҳасини алоҳида таъкидлаб ўтган. Бу дастур доирасида 2019 йилдан бери Россиядан келган малакали ўқитувчилар Қирғизистондаги умумтаълим муассасаларида педагогик фаолият олиб бормоқда.
Маълумот учун, Қирғизистон аҳолисининг асосий қисми – 74,04 фоизи қирғизлардан иборат. Мамлакатдаги иккинчи энг катта этник бирлик ўзбеклар (14,81 фоиз) бўлиб, рус миллатига мансуб аҳоли мамлакат умумий аҳолисининг 4,97 фоизини ташкил қилади. Шунга қарамай, Қирғизистон Конституциясининг 10-моддасида қирғиз тили давлат тили экани, шунингдек, рус тили ҳам расмий мақомга эгалиги белгилаб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров барча давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини имзолаганди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Россиянинг “хавотирига” сабаб бўлди ва мамлакат Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қирғизистонда қабул қилинган давлат хизматчиларига қирғиз тилини билиши мажбурийлиги ҳақидаги қонунга нисбатан “демократияга зид”, дея баҳо берди. Вазир Марказий Осиё давлатларида давлат тили тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши тенденциясидан хавотир билдириб, бу борада Қирғизистон ҳукумати бир неча маротаба огоҳлантирилганини айтди. Садир Жапаров Лавровнинг сўзларига изоҳ бериб, Россия Ташқи ишлар вазири қонунни ўқимасдан туриб гапирган бўлиши мумкинлигини айтди. Август ойида эса Қирғизистонда давлат тилида эфир юритмаган телеканаллар жаримага тортилди.
LiveБарчаси