Путин ва Эрдўған иккита уруш ҳақида гаплашди
Олам
−
16 Июнь
4998Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Кремль хабар берди.
Муҳокама Яқин Шарқдаги вазият тез суръатлар билан авж олишига қаратилди. Путин ва Эрдўған Исроилнинг БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа меъёрларини бузган ҳолда Эронга қарши куч ишлатган ҳаракатини қоралади.
Иккала томон ҳам Эрон ва Исроил ўртасидаги можаронинг давом этаётганидан жиддий хавотир билдирган, бу можаро аллақачон сезиларли даражада қурбон бўлган ва бутун минтақа учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келади. Икки давлат раҳбари ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга ва томонлар ўртасидаги келишмовчиликларни, жумладан, Эрон ядровий дастурига оид масалаларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилишга чақирди.
Россия ва Туркиянинг тегишли идоралари бу борада яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Украинага оид масалаларни муҳокама қилар экан, Владимир Путин Москва ва Киев ўртасидаги тўғридан тўғри музокараларни ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани учун турк томонига миннатдорлик билдирди. Қайд этилишича, Россия иккинчи раунд якунлари бўйича эришилган келишувларга, жумладан, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини қайтариш ва ҳарбий асирларни алмашиш бўйича келишувларга қатъий риоя қилади.
Бундан ташқари, икки томонлама долзарб масалалар, жумладан, энергетика соҳаси юзасидан фикр алмашилди. Бу мавзу Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасидаги Россия-Туркия учрашувларида, шунингдек, июнь ойи охирида бўлиб ўтадиган Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишида муҳокама қилинади.
Суҳбат давомида Эрдўған Владимир Путин ва барча россияликларни 12 июнь куни нишонланадиган миллий байрам – Россия куни билан табриклади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали мулоқот ўтказганди. У Пезешкиёндан сўнг Нетаньяху билан ҳам гаплашиб олганди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль