Путин урушга юборилган ҳиндистонликларни армиясидан четлатишга рози бўлди
Олам
−
09 Июль
8231Россия Президенти Владимир Путин Украина билан урушга жалб қилинган барча ҳиндистонликларни Россия армиясидан четлаштиришга рухсат берди. Бу ҳақда “The Economist Times” хабар берди.
Қайд этилишича, Путин Россия армиясига чақирилган барча Ҳиндистон фуқароларини ишдан бўшатишга ва уларнинг ўз ватанига қайтишида кўмак беришга рози бўлган.
Жорий йилнинг март ойида Ҳиндистон ҳукумати алданиб, Россия томонида Украинага жангга жўнатилган фуқаролари ҳақида эълон қилган эди. Ҳиндистон Марказий Тергов бюросига кўра, Россия армиясига шу тарзда камида 35 нафар ҳиндистонлик жўнатилган. Москвадаги Ҳиндистон элчихонаси эса камида 50 ҳиндистонлик армияга қўшилганини билдирган.
Нашрга кўра, ҳозирда Украина билан урушда камида икки Ҳиндистон фуқароси ҳалок бўлгани маълум.
Бош вазир Нарендра Моди Москвада номаълум аскар қабрига гулчамбар қўйган ва “Росатом” павильонига борган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кеча, 8 июль куни икки кунлик расмий ташриф билан Москвага етиб борди. Путин Моди билан Москва яқинидаги Ново-Огарёво қароргоҳида кўришди. Бош вазир Москвадан кейин 9-10 июль кунлари Австрияга ташриф буюради, бу Ҳиндистон ҳукумати раҳбарининг сўнгги 40 йилдаги биринчи ташрифи ва Модининг ўзи учун ҳам илк ташриф бўлади.