Путин Украина кучлари Запорожье йўналишида фаоллашганини айтди (видео)
Олам
−
27 Июль 2023
9689Бугун, 27 июль куни Россия Президенти Владимир Путин Санкт-Петербургда бўлиб ўтаётган Россия-Африка форуми чоғида журналистлар билан учрашиб, уларнинг Украинанинг қарши ҳужуми тўғрисидаги саволларига жавоб берди. Путиннинг нутқи Кремлнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди.
Россия раҳбарининг айтишича, Украинанинг қарши ҳужуми жорий йилнинг 4 июнь куни бошланган. Сўнгги кунларда жанглар янада кучайган. Украина Қуролли кучларининг асосий зарбаси Запорожье йўналишида бўлган.
“Ҳақиқатан ҳам биз жанговар ҳаракатлар кучайганини тасдиқлаймиз, асосий тўқнашувлар Запорожье йўналишида бўлган”, деди Россия Президенти.
Шунингдек, Путин Украина кучлари муваффақиятга эриша олмагани ва барча қарши ҳужумга уринишлар Россия томонидан қайтарилганини даъво қилган. Президентнинг таъкидлашича, Украина кечаги жангларда Запорожье йўналишида 200 дан ортиқ кишини йўқотган. Россиянинг йўқотишлари эса бундан 10 баравар кам бўлган.
Бундан ташқари, Путин Украина Қуролли кучлари томонидан ташландиқ техника, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтаришга уриниш бўлганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “The New York Times” газетаси ҳам Пентагондаги икки манбага таяниб, Украина Қуролли Кучлари асосий ҳужумни мамлакат жануби-шарқидаги Запорожье вилоятига қаратишини ёзганди.