Путин Украина билан чегарадош 8 ҳудудда махсус ҳолат жорий қилди
Олам
−
19 Октябрь 2022
7913Россия Президенти Владимир Путин Украина билан чегарадош ҳудудлар ва Россиянинг янги ҳудудларида “ўрта даражадаги жавоб чоралари”ни жорий этиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати Россия Президенти Владимир Путиннинг тегишли фармонига асосан хабар берди.
Эндиликда Украина билан чегарадош вилоятлар ва Россия Федерациясининг янги ҳудудлари раҳбарлари аҳолини вақтинча кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.
Ўртача жавоб даражаси Қрим, Краснодар ўлкаси, Белгород, Брянск, Воронеж, Курск, Ростов вилоятлари ва Севастополга тегишли. Бу минтақалар раҳбарларига “иқтисодий соҳада, Россия Федерациясининг ушбу таъсис субъектларининг ижро этувчи ҳокимиятларида ва маҳаллий ҳокимиятларда сафарбарлик тадбирларини, ҳудудий мудофаа бўйича индивидуал чора-тадбирларни, фуқаролик мудофааси чораларини, фуқароларни ҳимоя қилиш бўйича чораларни кўриш, табиий ва техноген характердаги вазиятларда аҳоли ва ҳудудлар, шунингдек Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлар, ҳарбий тузилмалар, органлар ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ваколатини беради.
Путиннинг фармонида Россиянинг ушбу саккиз вилояти раҳбарлари кўриши керак бўлган бошқа чоралар ҳам санаб ўтилган. Жумладан, “жамоат тартибини муҳофаза қилишни кучайтириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий, муҳим давлат ва махсус объектларни, аҳолининг ҳаётий фаолиятини таъминловчи объектларни, транспорт, алоқа ва коммуникациялар, энергетика объектларининг фаолиятини, шунингдек, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳамда табиий муҳит учун ортиб бораётган хавф туғдирадиган объектлар муҳофазасини кучайтириш”; “транспорт, алоқа ва коммуникациялар, энергетика объектлари, шунингдек, инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф-муҳитга хавф туғдирадиган объектларнинг ишлашини таъминловчи махсус иш режимини жорий этиш” белгиланди.
Жанубий ва Марказий туманларнинг қолган ҳудудларида маҳаллий раҳбарлар томонидан ҳудудий мудофаа ва фуқаролик мудофааси бўйича айрим чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатларини берадиган “юқори шайлик даражаси” жорий этилди.
Россиянинг бошқа ҳудудлари учун Путин "асосий тайёргарлик даражаси"ни ўрнатди. Бу Федерация субъектларининг раҳбарларига “аҳолини ва ҳудудларни табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш чораларини кўриш бўйича қарорлар қабул қилиш, шунингдек, Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлар, ҳарбий тузилмалар, органлар ва аҳоли эҳтиёжларини қондириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ваколатларини беради.
Аввалроқ Путин Украинанинг аннексия қилинган тўрт вилояти Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожьеда ҳарбий ҳолат эълон қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли Кучлари Россия томонибан эгаллаб олинган Херсон шаҳрига ҳужумга ўтишга тайёрланяпти. Шаҳарда аҳолини кўчириш ишлари бошланган. Вилоят раҳбарияти ҳам ўз жойини ўзгартирган.
LiveБарчаси