Путин Украина билан бевосита музокара ўтказишга рози бўлди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Киевнинг фуқаролик инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиш ҳақидаги таклифини ўрганишини ҳамда Россия ва Украина ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишга рухсат беришини айтди. Бу ҳақда у кеча, 21 апрель куни журналистларга маълум қилди.

“Буни ҳал қилиш керак, буларнинг барчаси чуқур ўрганиш учун мавзу, эҳтимол ҳатто икки томонлама”, деди у.

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленский Кремлга “узоқ масофага учувчи учувчисиз самолётлар ва ракеталар томонидан фуқаролик инфратузилмасига 30 кун муддатга узайтирилиши мумкин бўлган ҳар қандай зарбалардан” тийилишни таклиф қилган эди.

Шу билан бирга, Россия етакчиси Киев гўёки ҳарбий мақсадларда фуқаро объектларидан фойдаланаётганини маълум қилди ва Россия Қуролли кучларининг 13 апрель куни Суми вилоятига берган зарбасини эслатди.

“Масалан, Қуролли Кучларимиз Конгресс марказига ҳужум қилганини ҳамма яхши билади, менимча, Суми вилоятида. Бу фуқаролик объектими ёки йўқми? Фуқаролик. Аммо у ерда Курск вилоятида жиноят содир этганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди”, деди Путин.

Россия Президенти 35 киши, жумладан, болалар ҳалок бўлган ракета зарбасини “лойиқ жазо” деб атади.

“Бу уларни жазолаш учун қилинган”, деб таъкидлади у.

Россия зарбасидан бир кун ўтиб, 14 апрель куни Суми вилояти ҳарбий бошқармаси бошлиғи Владимир Артюх Сумида Украина қуролли кучларининг 117-бригадаси аскарларини тақдирлаш маросими режалаштирилганини тасдиқлади. Эртаси куни Зеленский Артюхни ишдан бўшатиш тўғрисида фармон чиқарди.

Украинада Пасха сулҳи

19 апрель куни Россия Президенти Путин Пасха байрами муносабати билан 19 апрель соат 18:00 дан 21 апрель соат 00:00 гача сулҳ эълон қилди.

“Ушбу 30 соатлик муддат ичида Россия қўшинларига барча ҳарбий операцияларни тўхтатиш буйруғи берилди”, дея хабар беради Кремль матбуот хизмати.

Украина Президенти Владимир Зеленский Украина Қуролли Кучлари Бош Қўмондони Александр Сирскийнинг ҳисоботига таяниб, Россия ўзига эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимини икки мингдан ортиқ марта бузгани, ҳужумлар уюштиргани, ўққа тутгани ва учувчисиз самолётлардан фойдаланганини таъкидлади.

“Бироқ 20 апрель, якшанба куни ҳаво таҳдиди сигнали бир марта ҳам эшитилмади”, деди Зеленский.

Россия томони, ўз навбатида, Украина Қуролли кучларини Пасха сулҳини кўплаб бузганликда айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг