Путин Тўқаевнинг “Россияга меҳрини” юқори баҳолашини айтди

Олам

image

Москва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифини Россияга қилганини юқори баҳолайди. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни Кремлда қозоғистонлик мавқедоши билан музокараларни бошлаган Россия Президенти Владимир Путин айтди. 

“Бугунги ташриф алоҳида аҳамиятга эга: бу Қосим-Жомарт Кемелевич Қозоғистон Президенти этиб қайта сайланганидан кейинги биринчи ташриф бўлиб, рамзий маънога эга, у муносабатларимизнинг ўзига хос хусусиятини ифода этади. Биз буни жуда қадрлаймиз”, дейди Россия раҳбари.

Путин Тўқаев билан учрашувлари мунтазам ўтказилаётганига эътибор қаратди, улар яқинда Ереванда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида учрашган. 

“Биз ҳар доим учрашувларимиздан долзарб масалаларни муҳокама қилиш учун фойдаланамиз. Ва биринчи навбатда, албатта, биз иқтисодиёт ҳақида гаплашамиз, чунки бу барча соҳалардаги муваффақиятларимизнинг асосидир”, дейди Путин. 

Президент Оренбургда бўлиб ўтаётган Россия Федерацияси ва Қозоғистон ўртасидаги Минтақалараро ҳамкорлик форуми иштирокчилари сезиларли, аниқ натижаларга эришишига ишонч билдирган. Чунки товар айирбошлашнинг муҳим қисми чегара ҳудудлари орқали ўтади. 

Россия Президентининг сўзларига кўра, бир-бири билан яқиндан мулоқотда бўлган икки давлатнинг чегарадош вилоятлари аҳолиси марказдагидан кўра бир-бирининг имкониятлари ҳақида вазиятни яхшироқ билади ва бу муносабатларни ривожлантиради. 

“Биз 2021 йилда товар айирбошлаш ҳажми ошганини қайд этдик, 2022 йилда ҳам у барқарор ўсиб бормоқда. Биз анъанавий йўналишларимизда, юқори технологияли йўналишларда ҳам ишлаяпмиз, бу келажак учун жуда муҳим”, дейди Россия давлат раҳбари. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

53

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг