Путин Тошкентга келганида қаерларга бориши маълум бўлди

Олам

image

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ таҳририяти ўз манбаларига таяниб, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 26 май куни Ўзбекистонга келаётгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу маълумот Россия томонидан тасдиқланди. 

Таҳририятимизга оид маълумотларга кўра, Президент Путин Тошкентнинг Олмазор туманидаги Ғалаба боғига бориб, у ерда Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлайди. 

Шунингдек, давлат раҳбари Ҳазрати имом мажмуасининг ёнгинасида асли ўзбекистонлик бўлган Россия миллиардери Алишер Усмонов маблағлари билан барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказини бориб кўради. 

Айни вақтда бутун пойтахт бўйлаб Путиннинг ташрифига тайёргарлик авжида. Хавфсизлик чоралари янада кучайтирилган. Путин бориши керак бўлган манзилларга элтувчи йўлларга асфальт ётқизилиб, йўл белгилари чизилмоқда, гул ва дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Айниқса, Ислом цивилизацияси маркази атрофидаги уйлар ҳам таъмирланмоқда. 

Пойтахт ҳокимлиги 20 май куни Тошкент шаҳридаги кенг кўламли таъмирлаш ва реконструкция ишлари доирасида Қорасарой ва Нурафшон кўчалари кесишмасидан Абдулла Қодирий кўчаси билан кесишмасигача;

Кичик ҳалқа автомобиль йўли Нурафшон кўчаси билан кесишмасидан Қорасарой кўчаси билан кесишмасигача бўлган кўчалар вақтинча ёпилиши ҳақида маълумот берганди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Телефон суҳбати ҳақида икки давлат раҳбарлари матбуот хизмати тарқатган хабарларда ҳам ташриф борасида сўз бормаган. 

Шавкат Мирзиёев сўнгги бор жорий йилнинг 8-9 май кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлган эди. Сўнгги расмий ташрифни эса 2023 йилнинг 5-7 октябрь кунлари амалга оширган. Ўшанда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Россия Президенти Владимир Путин билан биргаликда Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказиб берилишига старт берилган.

Владимир Путин эса охирги марта Ўзбекистонга 2022 йилнинг 15 сентябрь куни келган эди. Ўшанда ушбу ташриф ҳам амалий (ШҲТ саммити доирасида), ҳам расмий кўриниш касб этганди. Президентлар Ўзбекистон билан Россия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни имзолаган. 

Маълумот учун, 15-17 март кунлари бўлиб ўтган Россия Президенти сайловида иштирок этган Путин 87,28 фоиз овоз олиб, ғалаба қилди ва яна олти йил – 2030 йилгача тахтни эгаллади. Инаугурация маросимидан кейин илк ташрифни Хитой Халқ Республикасига амалга оширган Путин, иккинчи манзил ўлароқ Ўзбекистонни танлади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг