Путин Суриядаги “жаллод”ини Украинага олиб кирди. Бугунги бомбардимонлар ҳали бошланишими?

Таҳлил

Россия Президенти Владимир Путин бугун, 10 октябрь куни Украина бўйлаб тинч аҳоли ҳудудларига ракета ҳужумларини уюштирди. Бу ҳолат рус ҳукуматининг Суриядаги қонли ва ҳалокатли ҳаракатларини эсга солди. Айни дамда Киевга ҳаво мудофааси жуда муҳим эканлиги ғарблик иттифоқчилар учун яна бир сигнал бўлди, дея ёзмоқда “Politico” нашри.

Охирлаб бораётган кунимизда Киев, Львов, Днепр, Запорожьле ва бошқа вилоятлар кўчаларида ўтказилган шиддатли бомбардимонлар ажабланарли эмас. 

Путин генерал Сергей Суровикинни Украинадаги уруш ҳаракатларининг қўмондони сифатида тайинлаш орқали янада шафқатсиз тактикага ўтишга тайёрлигини билдирди. Чунки бу қўмондон  Сурияда 2017 йилдан 2020 йилгача Россия кучларини бошқарган.

Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишидаги чиқишида Путин ҳарбий зарбалар Қримни Россия билан боғловчи Керч кўпригига қилинган ҳужумга жавобан бўлганини айтди. 

Путиннинг таъкидлашича, Россия Украинанинг энергетика, ҳарбий қўмондонлик ва коммуникация объектлари нишонларига кенг миқёсли ҳужумлар уюштириш учун ҳаво, денгиз ва қуруқликдан юқори аниқликдаги, узоқ масофали қуролларни жойлаштирган. Унинг қўшимча қилишича, агар Украина Россия таркибига кирувчи ерларга зарба беришда давом этса, рус ҳукумати ўз жазосини беришда давом этади. 

Украина Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россия томонидан учирилган 75 та ракетадан 41 таси уриб туширилган.

Москванинг стратегик нишонларга аниқ ҳужумлар уюштириш ҳақидаги даъволари, асл мақсад оддий фуқароларни ўлдириш бўлмаганига ишорадек туюлди. Лекин ракеталар Киевнинг қоқ марказидаги Шевченкивский туманига эрталабки тирбандлик вақтида зарба берган. Журналистлар ва хавфсизлик камераларидан олинган сурат ва кадрларида машиналар ёнаётганини кўриш мумкин. 

Украина Президенти Владимир Зеленский Telegram’да Россиянинг асосий нишонида иккита объект борлигини айтди: бутун мамлакат бўйлаб энергетика объектлари ва ўз кундалик ҳаётлари билан банд бўлган украиналиклар.

“Улар ваҳима ва тартибсизликни хоҳлайдилар. Бу ҳужумлар “айниқса, имкон қадар кўпроқ зарар етказиш учун танланган бир вақтда содир бўлди... Нега айнан шундай зарбалар? Душман қўрқишимизни хоҳлайди, одамларни югуртирмоқчи. Аммо биз фақат олдинга югура оламиз ва биз буни жанг майдонида намойиш этамиз. Бундан кейин ҳам шундай бўлади”, дейди Зеленский Киев кўчаларида мобил телефони орқали суратга олинган видеода.

Зеленский, шунингдек, Ғарбга Украинани қўшимча ҳаво мудофааси билан таъминлаш бўйича мурожаатларини такрорлади. Киев бир неча ҳафта давомида қўшимча ўт ўчириш мосламаларини талаб қилмоқда ва Россия қишда Украинанинг энергетика ва саноат инфратузилмасини ишдан чиқаришга уриниб кўриши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа батареялари бўйича ушбу мунозаралар АҚШ бошчилигидаги Украина мудофаа бўйича алоқа гуруҳида (Рамштейн формати сифатида ҳам танилган – таҳр.) кўриб чиқилиши мумкин ва бутун  дунё бўйлаб юқори мартабали мудофаа амалдорлари шу ҳафта охирида Брюсселда тўпланиши кутилмоқда.

“Россиянинг ракета террорига энг яхши жавоб – Украинага зенит ва ракетага қарши тизимларни етказиб беришдир. Украина осмонини ҳимоя қилинг! Бу бизнинг шаҳарларимиз ва одамларимизни ҳимоя қилади. Бу Европа келажагини ҳимоя қилади. Ёвузлик жазоланиши керак”, дейди Украина Мудофаа вазири Алексей Резников.

Россиянинг Суриядаги жаллоди

Суровикин Россиянинг Украинадаги янги қўмондони сифатида 8 октябрь куни эълон қилинди. 55 ёшли генерал, лавозимга кўтарилишидан олдин Россиянинг Жанубий ҳарбий округи ва Суриядаги рус қўшинларига раҳбарлик қилган ва у узоқ вақтдан бери шафқатсизлиги билан машҳур.

У Тожикистонда 1990 йилда Душанбедаги аксилсовет тартибсизликларини зўравонлик билан бостиришга алоқадор бўлган ва у қўмондонлиги остидаги аскарлар Москвада ўша пайтдаги СССР Президенти Михаил Горбачёвга қарши муваффақиятсиз тўнтариш пайтида уч намойишчини ўлдиргани учун қамоққа ташланган (1991 йил августда озод этилгунига қадар – таҳр.). 1995 йилда Суровикин ноқонуний қурол савдосида қатнашгани учун шартли жазога ҳукм қилинди (кейинчалик у бекор қилинди). У Россиянинг иккинчи Чечен урушида ҳам роль ўйнаган, 42-гвардия мото ўқ отиш дивизиясига қўмондонлик қилган.

Human Rights Watch нодавлат ташкилоти Суровикинни Суриянинг Идлиб вилоятидаги 2019-2020 йиллардаги фуқаролик нишонлари ва инфратузилмаларига ҳужумлар, уйлар, мактаблар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бозорларга зарбалар билан айблаган.

Россия кучларининг Сурияда ҳарбий жиноятларда айбланиши биринчи марта эмас. Кремль қўшинлари сурияликлар билан ҳамкорликда 2016 йилда Алеппода мухолифат назоратидаги ҳудудларни бир ойлик бомбардимон кампаниясини ўтказди, бунинг оқибатида юзлаб тинч аҳоли, жумладан 90 нафар бола ҳалок бўлди. Ёппасига ҳаво ҳужумлари, кассетали ўқлар ва ўт ўчирувчи қуроллар билан тинч аҳоли манзилларига, шу жумладан, тиббиёт муассасаларига зарба берди.

Эндиликда, Украинада Россия қўшинлари уруш оқимини бошқараётгани ва Путиннинг урушдаги вазиятга тўғри келмайдиган тўла-тўкис риторикаси орқали Суровикин тинч аҳолига катта зарар етказишдек эски тактикасига ўтаётганга ўхшайди.

Мусулмон Зиё


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Сергей Суровикин

Баҳолаганлар

873

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг