Генерал Армагеддон Африкада кўриниш берди

Олам

image

Украинадаги рус қўшинларининг собиқ қўмондони Сергей Суровикин Мудофаа вазирлиги делегацияси таркибида Жазоирга борди. Бу ҳақда ҳарбий раҳбарга яқин манбаларга таяниб, “Коммерсантъ” хабар берди. 

“Суровикиннинг расмий делегацияга киритилиши Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг генералга ишончини сақлаб қолганидан далолат беради. Жазоирга сафари унинг “шарқий йўналишдаги” янги иши билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин”, деган манба. 

Айтилишича, собиқ қўмондон Африкадаги Шимолий ҳарбий округ ҳудудида бўлган. Суровикин учрашувда фахрий меҳмон сифатида иштирок этяпти. Шу билан бирга, мартабали зобитлар замонавий қурол тизимлари таъминотини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, армия генерали Сергей Суровикин 2017 йилнинг мартидан декабригача Суриядаги Россия қуролли кучлари гуруҳи қўмондони бўлган. 2017 йил 31 октябрда у Россия Федерацияси Аэрокосмик кучлари бош қўмондони лавозимини эгаллаган. 2022 йил 8 октябрда Суровикин Украинадаги Россия кучлари қўшма гуруҳи қўмондони этиб тайинланган. 2023 йил 11 январда Россия Президенти Владимир Путин Суровикинни Украинадаги лавозимидан четлатиб, бу лавозимга Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимовни тайинлаган. Суровикин қўмондон ўринбосари бўлган.

Жорий йилнинг май ойида “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин Россия Қуролли Кучлари ва ҳарбий компания ўртасидаги ўқ-дорилар таъминоти масаласи бўйича мулоқотни Сергей Суровикин назорат қилишини айтган. 23 июнда Евгений Пригожин бошчилигидаги “Вагнер” ёлланма аскарлари қуролли исён уюштирганида ҳам Суровикин “Вагнер” аскарларига мурожаат қилиб, уларни тўхташга чақирган.

Бироқ 24 июндан бошлаб генерал жамоат жойларида пайдо бўлишни тўхтатган. “The New York Times” газетаси АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб, Суровикин исён тайёрланаётганини билгани, унинг мақсади Россия Мудофаа вазирлиги раҳбариятини ўзгартириш бўлганини ёзган. 22 август куни ОАВ манбаларга таяниб, Суровикин Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондони лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берди. Мудофаа вазирлиги истеъфога чиққанини расман эълон қилмаган, аммо сентябрь ойида Мудофаа вазирлиги веб-сайтидан генерал ҳақидаги эслатмалар йўқолди. Давлат Думаси Мудофаа қўмитаси аъзоси Виктор Заварзиннинг айтишича, генерал МДҲда яхши лавозимга эга бўлган. “EADaily” нашри эса МДҲ Мудофаа вазирлари кенгашига таяниб, Суровикин МДҲ ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мувофиқлаштириш қўмитаси раҳбари лавозимига тайинланганини ёзди. Нашрга кўра, генералнинг номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Африка Жазоир Вагнер Сергей Суровикин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг