Путин Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилаётганига муносабат билдирди

Олам

image

Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши Россия учун бевосита хавф туғдирмайди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кеча, 29 июнь куни Ашхободда ташкил этилган Каспий бўйи давлатлари раҳбарларининг 6-саммити якунлангач, журналистлар билан мулоқотда айтиб ўтди. 

“Россиянинг Финляндия ва Швеция билан муаммоси йўқ, уларнинг НАТОга кириши дарҳол хавф туғдирмайди”, дейди Путин. 

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга киришига изоҳ берар экан, Путин шундай деди:  

“Россиянинг Швеция ва Финляндия билан ҳеч қандай муаммоси йўқ, шунинг учун ҳам шу маънода НАТОнинг бу давлатлар ҳисобига кенгайиши бевосита хавф туғдирмайди. Бу минтақа ҳудудида ҳарбий инфратузилмани кенгайтириш, албатта, бизнинг жавобимизга сабаб бўлади”, дейди Россия раҳбари.

Россиянинг Украина билан муаммолари борлигини қайд этган Путин, Украина билан боғлиқ вазият бутунлай бошқачалигини урғулади. 

“Финляндия ва Швецияда бундай нарса йўқ. Бу бутунлай бошқача вазият. Швеция ва Финляндия истаса, НАТОга аъзо бўлишлари мумкин”, дейди Президент. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 июнь куни Испаниянинг Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари Швеция ва Финляндияни альянсга таклиф қилишга қарор қилдилар ва бу давлатларнинг ҳарбий-сиёсий блокга кириши бўйича протоколларни имзолашга келишиб олдилар.

Шунингдек, ташкилотнинг 2030 йилгача мўлжалланган янги концепциясида Россия НАТОга "энг муҳим ва тўғридан-тўғри" таҳдид деб эътироф этилди

Қолаверса, альянс Россия ва Хитой ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишини НАТО қадриятларига зид деб ҳисоблайди.

Туркия, Финляндия ва Швеция ўртасидаги келишув

Жорий йилнинг 28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – Курдистон ишчи партияси, Сурия халқ мудофааси отряди ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.

Ушбу келишувлардан сўнг, АҚШ Президенти Жо Байден Twitter'даги саҳифасига Финляндия Президенти ва Швеция Бош вазири билан тушган суратини жойлаштириб, Туркия, Финляндия ва Швецияни ўзаро мулоқотнинг муваффақиятли якуни билан табриклади


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Владимир Путин

Баҳолаганлар

246

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made