Путин сайлов эълон қилинишидан олдин фронтда муваффақият кўрсатмоқчи – Зеленский
Олам
−
15 Ноябрь 2023
5438Россия раҳбари Владимир Путин мамлакатидаги президентлик сайловларида иштирок этишини эълон қилишдан олдин фронтда қандайдир натижаларни намойиш этишга интилмоқда. Бу ҳақдаги фикрни Украина Президенти Владимир Зеленский урушнинг 629-кунидан кейинги мурожаатида айтиб ўтди.
“Донецкда Россиянинг жуда кучли ҳужумлари бўлмоқда. Биз тушуниб олишимиз керакки, Путин ҳозирда жуда беадаб ва аниқ сиёсий мақсадни қўйган, у ўз халқини ўлдиришга тайёр. Чунки, у декабрь ойининг биринчи ярмида ҳеч бўлмаганда қандайдир тактик натижа кўрсатмоқчи”, дейди Зеленский.
Унинг сўзларига кўра, Россия Авдеевка яқинида, хусусан, Бахмутда тезроқ ва катта миқёсда аскарларини ҳамда техникасини йўқотмоқда.
“Бу ҳужумга дош бериш жуда қийин. Ҳар бир аскаримиз ўрнини эгаллаб, у ерда жанговар топшириқларни бажараётгани биз учун чексиз миннатдорликка лойиқдир”, дейди Украина Президенти.
Айтиш керакки, Авдеевка йўналиши фронтдаги энг иссиқ йўналишлардан бири ҳисобланади. Россиялик аскарлар авиация кўмагида шаҳарга бостириб кириб, уни ўраб олишга ҳаракат қилмоқда, аммо Украина Қуролли кучлари чизиқни ушлаб туришибди.
Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг иддао қилишича, Россия Авдеевкага фаол ҳужум қилган ой давомида 10 минг кишини йўқотган.
Маълумот учун, Россияда президентлик сайлови 2024 йилнинг мартига белгиланган. Сайловнинг аниқ санаси ҳали аниқланмаган, бу Федерация Кенгаши томонидан декабрь ойининг ўрталарида амалга оширилиши керак.
Амалдаги Президент Владимир Путин яна бир муддатга ўз номзодини қўйиш нияти ҳақида ҳали маълум қилгани йўқ.
Россия Президенти маъмуриятига яқин икки манбанинг “Meduza” нашрига айтишича, Владимир Путиннинг янги президентлик кампаниясидаги асосий мавзулардан бири уруш эмас, балки ташқи сиёсатга урғу бериш бўлади.
LiveБарчаси