Путин рус газини Европага сотиш учун Туркиядан фойдаланмоқчи

Олам

image

Россия “Шимолий оқим”дан юборилган газни Қора денгизга, Туркия орқали Европага етказиб беришга тайёр, агарда шериклар бунга қизиқиш билдирса. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 12 октябрь куни “Россия энергетика ҳафталиги” форумидаги нутқида айтиб ўтди.

“Шимолий оқим”лар орқали, Болтиқ денгизи туби бўйлаб йўқолган транзит ҳажмини биз Қора денгиз минтақасига ҳам ўтказишимиз мумкин. Шундай қилиб, биз ёқилғи, табиий газимизни Туркия орқали Европага етказиб беришни асосий йўналишларга айлантирамиз ва Туркияда Европанинг энг йирик газ марказини яратамиз. Албатта, бизнинг ҳамкорларимиз бундан манфаатдор бўлса”, дейди Путин.

Россия Президенти ҳозирда Туркияга “Турк оқими” ва “Мовий оқим” орқали газ етказиб берилаётганини эслатиб ўтди. Яқин келажакда, шунингдек, “Сибир кучи-2” газ қувури қурилишини бошлаш ва Мўғулистонда унинг давоми – “Союз-Восток”ни қуриш режалаштирилган.

“Газга келсак, биз ўз маҳсулотимизни, албатта, жаҳон бозорларига чиқарамиз”, деб ваъда берган Россия Президенти.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни бир неча соат ичида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим-2”га қувурида тўртта газ сизиш нуқтаси аниқланди. Улардан биринчиси Даниянинг Борнхольм ороли яқинидаги “Шимолий оқим-2”да аниқланган. Кейин “Шимолий оқим”да иккита сизиш қайд этилди. Дания энергетика агентлиги денгизга катта миқдорда газ тушгани ҳақида хабар берди. Сўнгги тўртинчи сизиш нуқтаси Швеция ҳудудида топилди. Самолётлар ва кемаларнинг ҳодиса содир бўлган жойга беш денгиз милидан яқинроқ келиши тақиқланди.

Европа Иттифоқи расмийлари “Шимолий оқим”га атайлаб зарар етказилганини айтмоқда. Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар газ сизиб чиққан ҳудудда сув ости портлашларини қайд этган.

Ҳодисаларни Германия, Дания ва Швеция текширмоқда. Немис махфий хизматлари бу ғаввос ёки сув ости кемасидан фойдаланган ҳолда саботаж бўлган деб гумон қилмоқда. Уларнинг фикрича, газ қувурлари тезда таъмирланмаса, улар абадий яроқсиз ҳолга келиши мумкин.

Россия Президенти Владимир Путин эса “Шимолий оқим”лардаги носозликни “англ-сакслар” қасддан уюштирганини айтиб чиқди. Аммо англ-сакслар деганда кимни назарда тутаётганини аниқ айтмади.


Мақола муаллифи

Теглар

газ Владимир Путин

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг