Путин розилигисиз ҳеч қандай тинчликка эришилмайди – Трампнинг одами

Олам

image

Россия ва Украина ўртасида тинчликка эришишнинг Россия Президенти Владимир Путиннинг розилигисиз имкони йўқ. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф “Breitbart News” нашрига берган интервьюсида сўз очди.

“Президент Путиннинг розилигисиз ҳеч қандай битим бўлмайди”, дея аниқ ва қаътиятли гапирган Уиткофф.

У, шунингдек, бу можарода манфаатдор барча томонлар билан мулоқот ўрнатиш зарурлигини таъкидлаган.

Уиткоффнинг айтишича, у нафақат Россия ва Украина расмийлари, балки Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия миллий хавфсизлик бўйича мансабдор шахслари билан ҳам алоқада бўлиб турибди.

Трампнинг вакили Москва ва Киевни имкон қадар тезроқ бевосита музокараларни бошлашга чақирган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ Президенти Трамп ҳар икки томонга “ультиматум” қўйган – агар улар музокараларга ўтмаса, Қўшма Штатлар бу можарога аралашишни тўхтатади.

“Бу бизнинг урушимиз эмас. Биз уни бошламаганмиз, лекин уни тугатишга ёрдам беришни истаймиз”, деган Уиткофф.

АҚШ вакилига кўра, бўлажак музокараларнинг асосий мавзулари қуйидагилар бўлади:

Қрим, Донецк ва Луганск халқ республикалари, Херсон ва Запорожье вилоятларининг мақоми;
Запорожье атом электр станциясининг (ЗАЭС) келажаги;
Украинани Днепр дарёси ва Қора денгизга чиқиш имкониятлари билан таъминлаш.

“Баъзи масалаларни ҳал қилиш осон бўлади, агар биз томонларни бир стол атрофида ўтқаза олсак. Улар ўзаро мулоқотда бўлишади, биз эса муаммолар доирасини торайтириб, ҳар бирига ижодий ва муросали ечимлар топамиз”, дея қўшимча қилган Трампнинг вакили.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп Россия Президенти томонидан таклиф этилган 15 майдаги Истанбулдаги тўғридан-тўғри музокараларга Украина дарҳол рози бўлиши кераклигини айтиб, ўзи ҳам бу учрашувда иштирок этиши мумкинлигини истисно қилмаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина Стив Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг