Путин Россия МДҲ давлатларига коронавирусга қарши курашда қандай ёрдам берганини маълум қилди

Жамият

image

Ўзбекистон раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар ҳамкорлиги пандемияга қарамай, барча йўналишларда ривожланишда давом этди. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги саммитида айтиб ўтди.

“МДҲга аъзо давлатлар ҳамкорлиги жорий йилда умуман олганда барча йўналишлар бўйича ривожланишда давом этди. Бугунги давлат Раҳбарлари Кенгаши сессиясида тасдиқлаш учун тайёрланган битимларнинг йирик тўплами буларнинг далили сифатида хизмат қилади. Бунинг учун ўзбек дўстларимизга яна бир бор миннатдорчилик исҳор этмоқчиман”, деган Путин.

Путин саммитда Россиянинг МДҲ давлатларига коронавирусга қарши кураш учун кўрсатган ёрдамларини ҳам эслатиб ўтди. Жумладан, РФ ташкилотдаги шерикларига умумий ҳисобда 1 млн 300 минг экспресс тест ва реагентлар етказиб берган. Бу мамлакат хорижий давлатларга кўрсатган ёрдамининг 52 фоизини ташкил қилади.

РФ Президенти россиялик мутахассислар коронавирусга қарши курашда амалий ёрдам кўрсатиш учун Озарбайжон, Арманистон, Қозоғистон, Тожикистон, Молдова ва Ўзбекистонга юборилганини ҳам қайд этган.

Таъкидлаш керакки, бугунги саммитда ташкилотга аъзо давлатлар МДҲни янада ривожлантиришнинг узоқ муддатга мўлжалланган концепциясини янгиладилар ва уни амалга ошириш бўйича асосий чора-тадбирлар режасини тасдиқладилар.

Янги концепцияга кўра, МДҲнинг устувор йўналиши сифатида иқтисодий ҳамкорлик белгиланган. Ҳужжатга мувофиқ, гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, хавфсизлик, жиноятчиликка ва янги таҳдидларга қарши курашиш МДҲ фаолиятининг қўшимча устувор йўналишлари сифатида кўрсатилган.

Эслатиб ўтамиз, саммитда Шавкат Мирзиёев, мигрантлар, авиқатновлар, чегараларни очиш ва ўзаро савдони "жонлантириш" бўйича таклифлар билдирди. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Афғонистон масаласини ҳам эслатиб ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев МДҲ

Баҳолаганлар

164

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг