Путин портлашлар ортидан Қора денгиз флоти қўмондонини ими-жимида ишдан олди

Олам

image
0:00
0:00
download

Россия Президенти Владимир Путин Қора денгиз флоти қўмондони адмирал Игорь Осиповни ишдан олди. Президент янги қўмондон этиб вице-адмирал Виктор Соколовни тайинлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Ишдан бўшатилган Осипов “Денгиз хизматлари учун” ордени соҳиби. У уч марта “Ҳарбий хизматдаги муваффақияти учун” медали билан тақдирланган ва 2019 йилдан буён Қора денгиз флотига раҳбарлик қилган.

Янги қўмондон Соколов 59 ёшда. Бунгача у Кол ва Приморск флотилияларига қўмондонлик қилган, Сурияда жанговар тажриба орттирган. 

“Уни тайинлаш ҳақидаги буйруқ бош қўмондондан эди. Оммавий тадбир бўлмади, шаҳарда террорчилик хавфининг сариқ даражаси киритилгани сабабли бўлмайди ҳам”, дейди нашр манбаси.

Қора денгиз флоти раҳбарининг ўзгариши Россиянинг Қримдаги асосий авиабазасида содир бўлган бир қатор портлашлардан кейин содир бўлди, уларнинг хавфсизлигига ҳам флот масъул бўлган. Ҳарбий операция давомида олти ойдан камроқ вақт ичида Россия флоти 8 та кемани, шу жумладан 14 апрелда чўкиб кетган флагман “Москва” крейсерини йўқотди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Россия Қора денгиз флоти ўзига хос бўлмаган мудофаа позициясини эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, 16 август куни Қримнинг Жанкой туманидаги Азовское қишлоғидаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар омборида портлаш содир бўлди.

Қрим-татар халқи мажлиси раиси Рефат Чубаровнинг айтишича, руслар портлашлар эпицентридан 5 километр радиусдаги ҳудудни ўраб олган ва тинч аҳолини эвакуация қилган.

РФ Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар сақланадиган жойда ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Ва кейинроқ Россия томони саботаж уюштирилганини эълон қилди.

Ғарб ОАВда эса Қримдаги портлашга Украина ҳарбийлари уюштирган ракета зарбаси сабаб бўлганини ёзди.

Шунингдек, 9 август куни Қримда, Новофедоровка аҳоли пункти ҳудудида бир қатор портлашлар содир бўлганди ва Саки аэродроми ҳудудида ёнғин чиққанди. Портлашлар натижасида камида 9 та самолёт йўқ қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг