Путин Озарбайжон ва Арманистоннинг “яраш оши”га бир қадам қолганини айтди
Олам
−
26 Май 2023
3375Кеча, 25 май куни Кремлда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув, Путиннинг аввал Алиев, кейин эса Пашинян билан узоқ давом этган икки томонлама суҳбатларидан сўнг бошланган.
Лидерларнинг сўзларига изоҳ берган Путин, Арманистон ва Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш бўйича келишувга эга бўлиши муҳимлигини таъкидлади. Кейинроқ у Россия Федерацияси, Арманистон ва Озарбайжон бош вазирлари ўринбосарларининг бир ҳафта ичида минтақадаги транспорт коммуникацияларини блокировкадан чиқариш бўйича қолган масалаларни ҳал этиш режалаштирилган учрашувини эълон қилди. Шу билан бирга, Россия давлати раҳбари Москванинг Лочин йўлаги бўйича позицияси ўзгармаслигига эътибор қаратди. Шу тариқа у Пашиняннинг Лочин йўлаги ҳудудидаги кескин вазият ҳақидаги сўзларига жавоб берди.
Унинг фикрича, Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги вазият бироз қийинчиликлар бўлсада, келишувга қараб кетмоқда.
“Умуман олганда, менинг фикримча, ҳали ҳам мавжуд бўлган ҳар қандай қийинчилик ва муаммоларга қарамай, вазият ҳал қилиш йўлида ривожланмоқда”, дейди Путин.
Россия Федерацияси Президентининг таъкидлашича, бу йўналишлардан бири транспорт коммуникациялари бўйича ишлар.
Путин Озарбайжон ва Арманистон томонларига янги учрашув ўтказиш таклифига тезкор жавоб учун миннатдорлик билдирди. У мамлакатлар узоқ вақтдан бери гапираётган бу айрим масалаларни амалий ҳал қилиш учун яхши муқаддима бўлишини кутмоқда.
“Мана шу форматда биз кўп нарсага эришдик”, деган Путин 2020йил кузида нафақат ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгани, балки иқтисодий ва транспорт коммуникацияларини блокдан чиқариш, чегарани делимитация қилиш ишлари бошланганини қайд этди.
Матбуотга очиқ баёнотдан сўнг томонларнинг учрашуви ёпиқ эшиклар ортида давом этган.
Эслатиб ўтамиз, 25 май куни Москвада бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳам иштирок этди. Арманистон ва Озарбайжон ҳудудий яхлитликни ўзаро тан олиш бўйича келишиб олди. Арманистон Бош вазири Никол Пашинян мазкур келишув ҳақида ЕОИИ саммитида маълум қилган. Шу билан бирга, у халқаро механизм доирасида (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ аҳолисининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масаласига тўхталиб ўтган.
LiveБарчаси