Путин Назарбоев билан учрашиб, уни обдан мақтади
Олам
−
20 Декабрь 2023
7043Владимир Путин Константин саройида Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев билан учрашди. Бу ҳақда Кремль ахборот хизмати хабар берди.
Учрашув пайтида Путин Назарбоевни Россияда кўриб турганидан хурсандлигини билдириб, унга чуқур миннатдорлик изҳор этган ва собиқ элбошининг ЕОИИни ташкил этишдаги роли ҳақида сўз очган.
“Биз ҳамкасбларимиз билан Евросиё Иқтисодий Иттифоқини ривожлантириш билан боғлиқ ҳар қандай масалани муҳокама қилиш учун йиғилганимизда, бу ғоя сизга тегишли эканини доимо эслаймиз. Иттифоқни яратиш ташаббускори бўлганингиз ва кўп йиллар давомида унинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлганингиз учун сиздан миннатдормиз”, деган Путин.
Шунингдек, Россия раҳбари глобал ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатган пандемиянинг оғир шароитларини эсга олиб, бу инқирозни ҳал қилиш учун Назарбоев билан бирга ишлаб чиққан механизм ва воситаларнинг бугунги аҳамиятига эътибор қаратган.
“Бугунги кунда, глобал ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатган пандемиянинг оғир шароитларида биз ўша пайтда сиз билан бирга ишлаб чиққан механизм ва воситалар самарали ишламоқда. Пандемиянинг энг оғир йили бўлган 2020 йилда Қозоғистон билан муносабатларимизда сезиларли иқтисодий пасайиш кузатилмаганини айтиш кифоя: ўзаро савдо ҳажми атиги 4 фоизга камайганди. Аммо 2021 йилнинг биринчи тўққиз ойида бу кўрсаткич 30 фоизга ўсди”, дея қўшимча қилган Путин.
Қўшни Республиканинг собиқ президенти Нурсултон Абишевич ҳам ушбу илтифотларга ўз ташаккурини билдириб, Евросиё иқтисодий иттифоқининг фахрий раиси сифатида иштирок этишга таклиф қилинганидан бахтиёр эканлигини билдирди ва 1991 йилнинг декабрида Олмаотада МДҲни ташкил қилганлар орасида фақат у қолганини таъкидлади.
“Жаноб Президент, Евросиё Иқтисодий Иттифоқининг фахрий раиси сифатида келишга таклиф қилганингиз учун ташаккур. Фахрий раис, тарихнинг олдинги сафида турган энг тажрибали вакил сифатида мен ҳам қатнашяпман. Бу МДҲнинг норасмий саммити, шундай эмасми? 1991 йилнинг декабрида Олмаотада МДҲни яратганлар орасидан фақат мен қолдим ва бу қандай содир бўлганини эслайман”, дея сўз бошлаган 83 ёшли Назарбоев
Евросиё Иқтисодий Иттифоқи ўзининг 7 йиллигини нишонлаётгани ва бу иттифоққа Путин таклифи билан фахрий раис этиб сайланганини маълум қилган Нурсултон Назарбоев Россия-Қозоғистон муносабатларига эътибор қаратди.
“Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ўзини намоён қилди ва айни пайтда ўзининг 7 йиллигини нишонлайди. Қозоғистон ва Россия ўртасидаги муносабатлар ҳақида айтганингиздек ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 миллиард долларга етади. Бу тарихий рекорд ва пандемияга қарамай, биз бунга эришдик. Мақсадимиз Евроосиё Иқтисодий Иттифоқини ривожлантиришни давом этиш ҳамда янги аъзолар ва кузатувчиларни қабул қилишдир”, дейди Назарбоев.
Биринчи президент фурсатдан фойдаланиб, Путинни янги йил билан табриклашни ҳам унутмади.
“Сизни Янги йилингиз билан табриклайман. Ўтаётган йилда Қозоғистон ва бошқа кўплаб мамлакатлар мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлади. Сиз учун бу Давлат Думасига сайловлар йили эди. Оғир шароитлар ва коллектив Ғарб ва Россия ўртасидаги қарама-қаршиликни ҳисобга олсак, бу йилни сиз учун қанчалик аҳамиятга эгалигини тасаввур қиляпман”, деган у.
Фахрий меҳмонга жавоб тариқасида 71 ёшли Путин ҳам уни ва бутун қозоқ халқини Янги йил билан табриклаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Назарбоев ўзининг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Менинг ҳаётим. Тобеъликдан озодлик сари” китобини Путинга ҳам тортиқ қилган эди.
LiveБарчаси