Путин Меҳрибон Алиевани 58 ёшни қаршилагани билан табриклади

Олам 19747
image
-

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Озарбайжон Биринчи вице-президенти Меҳрибон Алиевани туғилган куни билан табриклаб, мактуб йўллади. Унда Меҳрибон Алиеванинг икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссаси таъкидланган. Мурожаат матни “AzerTAg” давлат ахборот агентлиги томонидан чоп этилган. 

"Муҳтарам Меҳрибон Арифовна, туғилган кунингиз билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз. Сиз давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга шахсан катта ҳисса қўшяпсиз, бу йил иттифоқдошлик даражасининг янги босқичига кўтарилмоқда. Ишончим комилки, кўплаб соҳалардаги конструктив икки томонлама алоқалар, халқларимиз дўстлиги янада мустаҳкамланади”, дейилади табрикда.  

Россия давлат раҳбари Алиевага мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик ва муваффақиятлар тилаган. 

Меҳрибон Алиева 1964 йилда озарбайжонлик таниқли олим, педагог, физика-математика фанлари доктори, профессор Ориф Пашаев ва Озарбайжоннинг биринчи шарқшунослик фанлари (аёл) доктори, филология фанлари доктори, профессор Аида Имонгулиева оиласида дунёга келган.

Озарбайжон давлат тиббиёт институтининг даволаш-профилактика факультетида таҳсил олган.  Кейинроқ, Москва тиббиёт институтида ўқишни давом эттирди. 

1983 йил ўша вақтда СССР Министрлар кенгаши раиси ўринбосари Ҳайдар Алиевнинг ўғли Илҳом Алиевга турмушга чиқди. 1988 йилдан 1992 йилгача у Москва кўз касалликлари илмий-тадқиқот институтида фаолият юритди.

2017 йил февраль ойида у Озарбайжоннинг биринчи вице-президенти этиб тайинланган эди.  

Шунингдек, у мамлакатдаги энг йирик нодавлат ташкилот – Ҳайдар Алиев жамғармасига раҳбарлик қилади. 2019 йилда Алиева “Россия-Озарбайжон муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” Россия Федерациясининг “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 499
Рейтинг: 3
t
×