Путин Кремлда Раисий билан беш соат нимани гаплашди?

Олам

image

Кремлда Россия ва Эрон Президентлари Владимир Путин ва Иброҳим Раисий ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Етакчилар “тор” форматда тахминан уч соат суҳбатлашди, бутун учрашув эса беш соатдан ортиқ вақт давом этди.

Учрашувнинг асосий мавзулари Фаластиндаги вазият, шунингдек, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳалари бўлди.

Бу Россия Президентининг Яқин Шарқ етакчилари билан икки кун ичида тўртинчи учрашувидир. Дастлаб Россия раҳбари БАА ва Саудия Арабистонида музокаралар ўтказган, Раисий билан суҳбатдан олдин Уммон Султонлиги валиаҳд шаҳзодаси, Ёшлар, маданият ва спорт вазири Зиёзин бин Ҳайсам Ол Саид билан суҳбатлашган. 

Владимир Путин Раисий билан суҳбатни бошлаб, Абу-Даби ва Ар-Риёдга сафари чоғида Теҳронга қандай учишни истагани ҳақида ҳазил-мутойиба қилган. 

"Биласизми, мен у ерда, қўшни минтақада эдим. Мен сизнинг мамлакатингиз ҳудуди устидан учиб ўтдим ва тўғридан-тўғри Теҳронда учрашишни хоҳлардим, лекин улар менга Президент аллақачон Москвага йўл олганини айтишди", дейди Путин. 

Бунга жавобан Раисий Эрон Россия раҳбарини қабул қилишга тайёрлигини қайд этди. Путин бу "имконият"дан албатта фойдаланишини айтди.

Шунингдек, Путин Россия ва Эрон ўртасидаги муносабатлар жуда яхши ривожланаётганини таъкидлади. У Раисийдан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Ҳоманаийга эзгу тилакларни етказишни сўради.

"Унинг қўллаб-қувватлаши туфайли биз ўтган йил давомида яхши динамикага эришдик. Хусусан, ўтган йили Москва ва Теҳрон ўртасидаги савдо айланмаси 20 фоизга ошди. Яхши натижаларга эришилди – 5 миллиард доллар", деган Путин.

Унинг айтишича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик деярли барча йўналишларда амалга оширилмоқда: йирик инфратузилма лойиҳалари, жумладан, “Шимол-Жануб” транспорт коридори амалга оширилмоқда.

Ўз навбатида, Раисий Москва ва Теҳрон энергетика, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшимча чоралар кўриши мумкинлигини таъкидлади. 

“Бу соҳаларнинг барчасида, албатта, сифатли қадамлар ташлаш мумкин, бу мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатларига мос келади”, дейди у.

Суҳбатнинг муҳим мавзуларидан бири - Яқин Шарқдаги можаро бўлди. 

“Минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашиш, айниқса, Фаластиндаги вазият ҳақида гапириш биз учун жуда муҳим”, деган Путин.

Эрон Президенти эса Ғазо секторини бомбардимон қилишни имкон қадар тезроқ тўхтатиш кераклигини айтган. 

"Бу масала нафақат бизнинг минтақамиз, балки бутун инсоният масаласидир. Шунинг учун бу масалага жуда тез ечим топиш керак", дейди у.

Раисийнинг сўзларига кўра, Исроилнинг ҳаракатларини АҚШ ва Ғарб давлатлари қўллаб-қувватлаётгани афсусланарли. 

“Ғазода болаларнинг ўлими бутун дунё жамоатчилиги олдида рўй бермоқда. Бу эса халқаро ташкилотлар ўз самарасини йўқотганини англатади”, дейди Раисий.

Билдирилишича, Россия ва Эрон ҳамкорликни тўхтатмаяпти, қўшма ҳужжатларни имзолаш ҳатто йил охирига қадар ҳам режалаштирилган. 

"Декабрь ойи охирида Эрон ва ЕОИИ ўртасида эркин савдо зонасини яратиш тўғрисидаги битимни имзолаш режалаштирилган. Бу ўзаро ҳамкорлигимизни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади", дея хулоса қилган Путин.

Музокаралардан сўнг давлат раҳбарлари суҳбатни Кремлда ишчи тушлик форматида давом эттирган.

Кремль воизи Дмитрий Песков Президентлар муҳокама қилган иккита мавзуни очиқлаган.

“Албатта, Фаластин-Исроил можароси, биринчи навбатда, жуда кўп қиррали шерикликдаги икки томонлама муносабатлар, бошқа халқаро масалаларни синхронлаштириш бўйича фикр алмашиш бўлди. Эронликлар билан музокаралар чоғида OPEC+ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик мавзуси ҳамда OPEC+ доирасида қабул қилинган қарорлар ҳақида сўз юритилди”, дейди Песков.

Эрон Ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиён эса ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди:

“Музокараларнинг катта қисми Фаластин масаласига қаратилди. Томонлар Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги уруш ва геноцидни зудлик билан тўхтатиш, ғазоликларнинг мажбурий депортациясини тўхтатиш ва Ғазо бўйлаб кенг кўламли гуманитар ёрдам жўнатиш учун Рафаҳ чегарасини зудлик билан очиш зарурлигини таъкидлади. Россия ташаббус кўрсатишни кўриб чиқмоқда”, деган Абдуллоҳиён.

Демак, музокаралар мавзуларидан фақат биттаси бўйича аниқ бир нарсани биламиз: уларнинг натижаларига кўра, Россия Фаластинни тинч йўл билан тартибга солиш бўйича ташаббусларни илгари суриш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Россиянинг бу борадаги позицияси ҳеч қачон ҳеч кимга сир бўлмаган: Россия икки халқ учун икки давлат тарафдори, яъни Исроил давлатини сақлаб қолиш, Фаластин ҳудудларини босиб олинишга чек қўйиш ва БМТнинг узоқ йиллик қарорига мувофиқ тўлақонли Фаластин давлатини яратиш тарафдори. Чексиз урушни тугатишнинг бошқа йўли йўқ.

Албатта, бу қарор “Фаластин масаласи бўйича якуний ечим”га эришган исроиллик сиёсатчиларнинг сўзларига, Ғазо аҳолисининг яширин геноцидга, Ғазони босиб олишга ваъда берганига ва унинг барча аҳолисини исталган жойга кўчириш таклифларига зиддир. 

Аммо яна бир нарса муҳимки, Россия ва Эрон позицияларининг бирлиги АҚШ ва Ғарбни ноқулай аҳволга солиб қўймоқда. Россия матбуотининг ёзишича, Ғарбда Ғазодаги уруш бошиданоқ ҲАМАС, “Ҳизбуллоҳ”, Эрон ва Россия бир даражага қўйилган. Аммо улар Россия ва Эрон Фаластин муаммоси бўйича ҳақиқатда маслаҳатлашувлар ўтказишини, умумий позицияни ишлаб чиқишини ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришини кутмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Эрон Владимир Путин Иброҳим Раисий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг