Путин Қозоғистонни Россиянинг энг яқин иттифоқчиси деб атади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан Остонада бўлиб ўтган учрашувда уларнинг мамлакатлари шунчаки иттифоқчи ёки стратегик ҳамкор эмас, балки энг яқин иттифоқчи эканини айтди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

“Россия ва Қозоғистон иттифоқчилар. Шуни алоҳида айтмоқчиманки, ҳар қандай ҳолатда ҳам биз шундай ҳисоблаймиз. Энг муҳими, икки давлат шунчаки ҳамкор эмас, энг яқин иттифоқчилардир”, деган Россия Федерацияси раҳбари.

Ўз навбатида, Қозоғистон раҳбари Россия Федерацияси ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларда ҳеч қандай фундаментал масала ёки муаммо йўқлигини таъкидлаган. Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳар икки давлат ҳам тараққиёт йўлини мустақил, суверен танлаш учун бир-бирига тўсқинлик қилмайди. Аксинча, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли шерикликни йўлга қўймоқда.

Маълумот учун, Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси раҳбарларининг шахсий учрашувида икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари ҳамда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган. Музокаралар тор ва кенгайтирилган таркибда ўтказилган ҳамда ҳужжатлар имзоланган. Путин ва Тўқаевнинг бу учрашуви 2023 йилдаги бешинчи учрашув бўлди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Ташқи ишлар вазирлигининг МДҲ давлатлари бўйича учинчи департаменти директори Александр Стерник Америка Қўшма Штатлари Қозоғистонда ўз таъсирини кенгайтираётганини айтганди. Шу ой бошида Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам Остонага келганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Қозоғистон Владимир Путин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг