Путин “қора шаҳзода”ни Москвага таклиф қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Яқин Шарққа ташрифи билан чет эл саёҳатлари географиясини кенгайтирди. Россиянинг тўртта Су-35С қирувчи самолёти қўриқловида Путин кеча, 6 декабрь куни БААга етиб борди ва у ердан кечқурун Саудия Арабистонига жўнаб кетди. Ҳар икки давлат ҳам Путинни Украинадаги уруш жиноятларида айблаб ҳибсга олишга ордер берган Гаагадаги Халқаро жиноий суднинг юрисдикциясини тан олмайди. 

Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Россия раҳбарини музокаралар бўлиб ўтадиган “Ал-Ямама” саройига кираверишда кутиб олди. 

У конференция зали томон юрар экан Путин билан суҳбати чоғида унинг қўлини бир неча марта сиқиб қўйди. 

Россия делегацияси аъзоларини таништириш чоғида валиаҳд шаҳзода барча билан, жумладан, делегациядаги ягона аёл бўлган Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллина билан жилмайиб, қўл бериб кўришди. 

У Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва Россия бевосита инвестициялар фонди раҳбари Кирилл Дмитриевни айниқса илиқ табассум билан кутиб олди.

Музокаралар аввалида Владимир Путин Россия ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожланишига ҳеч нарса тўсқинлик қила олмаслигини айтди. Унинг аниқлик киритишича, Москва ва Ар-Риёд ўртасида сиёсий ҳамкорлик, иқтисодиёт ва гуманитар соҳаларда жуда яхши муносабатлар мавжуд. Россия раҳбари, шунингдек, минтақада содир бўлаётган воқеалар ҳақида маълумот алмашиш ва баҳолаш муҳимлигини таъкидлади.

Президент валиаҳд шаҳзодага мамлакатга ташриф буюриш таклифи учун миннатдорлик билдирди. Путин Муҳаммад бин Салмоннинг Россияга сафари 2023 йилга режалаштирилганини, бироқ амалга ошмаганини таъкидлади.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси эса Россияга боришга тайёрлигини айтиб ўтган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг Россияга эҳтимолий ташрифи дипломатик каналлар орқали ишлаб чиқилади, аммо ҳозирча бу борада аниқ маълумотлар йўқ.

Шунингдек, Песков Ар-Риёддаги учрашувда Яқин Шарқдаги вазият муҳокама қилинганини айтди. 

“Ар-Риёддаги кенгайтирилган таркибдаги музокаралардан сўнг Президент ва валиаҳд шаҳзода тушлик пайтида юзма-юз мулоқотни давом эттирди. Бу ерда нима муҳокама қилинганини аниқ айта олмайман. Лекин умуман олганда, бу, албатта, Исроил-Фаластин можароси ва халқаро кун тартибидаги бошқа нозик масалаларни ўз ичига олгани аниқ", дейди Песков.

Унинг билдиришича, Россия ва Саудия Арабистони ўртасида қўшма тинчлик ташаббуслари ҳақида ҳозирча гап йўқ. Ҳозир икки давлат дипломатлари қандайдир қўшма ҳужжатга эришиш имкониятларини кўриб чиқмоқда, бироқ бу умуман икки томонлама муносабатларга тегишли. 

Шунингдек, у Владимир Путин ва Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд OPEC+ доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилганини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Саудия Арабистони Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг