Путин қарийб 100 ёшгача ҳокимиятда қолишни истайди – ОАВ
Олам
−
03 Ноябрь 5476 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин 2050 йилгача ҳокимиятда қолишни истайди. Бу ҳақда суриштирувчи журналист Илья Давлятчинга таяниб, Британиянинг “Daily Star” нашри хабар берди.
Давлятчиннинг сўзларига кўра, Иосиф Сталиндан бери Кремлни бошқа ҳар қандай ҳукмдордан узоқроқ вақт бошқарган 73 ёшли Путин 97 ёшгача ҳокимиятни сақлаб қолишни ва кейин уни ўғли Иванга топширишни хоҳлайди. У ҳозирда 10 ёшда ва 2050 йилда 35 ёшга тўлади.
Путиннинг ваколат муддатини қайта белгилаш учун 2020 йилда қайта ёзилган амалдаги конституция унга 2036 йилгача ёки 83 ёшгача Президент бўлиб қолиш имконини беради.
Ҳукмронлик муддати бўйича Путин аллақачон Аугусто Пиночет (17 йил), Ким Чен Ир (17 йил), Бенито Муссолини, Индонезия диктатори Сухарто (20 йил) ва Руминияни 24 йил бошқарган Николае Чаушескудан ўзиб кетган. Бешинчи муддат охирига келиб, Путин Мао Цзэдундан (27 йил) ўтиб кетиши мумкин, олтинчи муддатда эса 36 йил ҳукмронлик қилган Франсиско Франко (Испания) ва Антонио де Салазарга (Португалия) етиб олиши мумкин.
Агар Путин 2050 йилгача ҳокимият тепасида қолса, у Муаммар Каддафидан (42 йил), Ким Ир Сендан (46 йил) ва Фидель Кастродан (49 йил) ўтиб кетади ва 50 йил ҳукмронлик қилган Иван Грознийдан бери Россиянинг энг узоқ вақт ҳукмронлик қилган раҳбарига айланади.
Путиннинг яқин доираси Россия Президентининг умрини узайтириш масалаларини фаол равишда кўриб чиқмоқда ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига сентябрь ойида қаришга қарши кураш бўйича барча мавжуд илмий тадқиқотларни зудлик билан тўплаш топширилган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Илмий жамғармаси томонидан сўнгги беш йил ичида қариш ва умрни узайтириш соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштиришга саккиз баравар кўпроқ пул тикилгани ҳақида хабар берилганди. Жамғарма маълумотларига кўра, 2025 йилда бундай лойиҳалар учун грантлар йилига 4–7 миллион рублни (44–78 минг АҚШ доллари) ташкил этмоқда. Молиялаштириш муддати яна 1–2 йилга узайтирилиши мумкин. 2017 йилда эса бу юқоридаги кўрсаткич 3–6 миллион рубль (33–67 минг доллар) атрофида бўлган.
Live
Барчаси