Путин: Ил-76 самолёти Американинг Patriot ракетаси билан уриб туширилган
Олам
−
01 Февраль
8754Украиналик асирларни олиб кетаётган Ил-76 самолёти АҚШнинг Patriot зенит-ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин маълум қилди.
"Экспертиза натижаларига кўра, самолёт Американинг Patriot тизими томонидан уриб туширилган", дейди Путин. Унинг қўшимча қилишича, Россия содир бўлган воқеа юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилади.
Россия етакчиси, шунингдек, Киев Ил-76 самолётини адашиб уриб туширганини тан олди, бироқ бу жиноятни оқламаслигини ҳам билдирган.
"Украина Қуролли кучлари самолёт билан бирга ўзининг 65 нафар ҳарбий хизматчисини ҳам йўқотди", деган у.
Бундан ташқари, Путин юз берган воқеаларга қарамай, асирлар алмашинуви давом этишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти 24 январь куни эрталаб Белгород вилоятида ҳалокатга учради. Россия Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, бортда Белгородга алмашиш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир, шунингдек, олти экипаж аъзоси ва уч нафар ҳамроҳ бўлган. Уларнинг барчаси, Россия расмийларига кўра, вафот этган.
Россия Мудофаа вазирлиги Ил-76 ҳалокатини теракт деб атади ва бунда Украина ҳарбийларини айблади. Украина ҳукумати ҳалокат учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Украина ҳарбий разведкаси 24 январь куни Москва ва Киев асирларни алмашишга тайёрланаётганини тасдиқлади ва Украина томонида Ил-76 бортида ким бўлгани ҳақида ишончли маълумотлар йўқлигини қўшимча қилди.
Шундан сўнг, Владимир Зеленский самолёт ҳалокати бўйича халқаро тергов ўтказилишини талаб қилганди.
Бундан олдин ҳам Путин самолёт Америка ёки Европа мамлакатларига тегишли қуроллар ёрдамида уриб туширилганини тахмин қилганди.
LiveБарчаси