Путин G20 нинг онлайн саммитида иштирок этиши айтилди
Олам
−
22 Ноябрь 2023
4329Россия Президенти Владимир Путин G20 етакчиларининг виртуал саммитида нутқ сўзлайди. Бу ҳақда Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.
G20 аъзолари давлат раҳбарлари жаҳон иқтисодиёти ва молиясидаги вазият, иқлим кун тартиби, рақамлаштириш масалаларини муҳокама қилиши режалаштирилган. Ҳиндистоннинг бу йилги раислиги якунлари ҳам сарҳисоб қилинади. Дмитрий Песковнинг билдиришича, Путин дунёдаги ҳозирги “жуда нотинч” вазият бўйича Россия позициясини баён қилмоқчи.
G20 виртуал саммити сентябрь ойида бўлиб ўтган саммитда қабул қилинган турли қарорларнинг, жумладан, миллий ва халқаро платформалар орқали самарали амалга оширилишига ёрдам бериши кутилмоқда. Ҳиндистон томони учрашувда “иложи борича кўпроқ етакчилар” иштирок этишини кутмоқда.
Бу G20 саммитининг жорий йилдаги иккинчи учрашувидир. Аввалгиси Нью-Деҳлида (Ҳиндистон) 9-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтган эди. Путиннинг топшириғига кўра, Россия делегациясига Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қилди. Анъанага кўра, G20 саммитлари йилига бир марта ўтказилади, аммо сентябрь ойида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди киритилган таклифларни кўриб чиқиш учун виртуал сессия ўтказишни таклиф қилди.
Бу учрашув Ҳиндистон G20 раислигининг якуни бўлиши керак. Янги Деҳли раисликни жорий йил 30 ноябргача сақлаб қолади. 1 декабрдан ташкилотга раислик Бразилияга ўтади.
G20 таркибига Австралия, Аргентина, Африка Иттифоқи, Бразилия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Хитой, Мексика, Корея Республикаси, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Туркия, Жанубий Африка, Франция ва Япония киради.
LiveБарчаси