Путин эски сафдошининг жанозасида иштирок этди (видео)

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин собиқ мудофаа вазири ва президентнинг махсус вакили Сергей Иванов билан видолашув маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари Москвадаги Марказий клиник шифохонага бориб, марҳум хотирасига гулчамбар қўйган ҳамда унинг оила аъзолари билан қисқача суҳбатлашган.

Аввалроқ хабар берилганидек, Сергей Иванов 26 июнь куни 73 ёшида вафот этганди. Манбаларнинг билдиришича, у бугун, 30 июнь куни Москвадаги Троекурово қабристонига дафн этилади.

Маълумот учун, Сергей Иванов меҳнат фаолиятини 1976 йилда Ленинград СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) бошқармасида тезкор вакил сифатида бошлаган. Кейинчалик у Россия Ташқи разведка хизматида раҳбарлик лавозимларигача кўтарилган. 2001 йил март ойида у Россия тарихида илк бор ҳарбий соҳадан бўлмаган шахс сифатида мудофаа вазири этиб тайинланган. Бу лавозимда у Игорь Сергеевнинг ўрнини эгаллаган.

Иванов раҳбарлиги даврида Қуролли кучларни ислоҳ қилиш жараёни бошланган. Жумладан, мажбурий ҳарбий хизмат муддати икки йилдан бир йилга қисқартирилган. Шунингдек, у ҳарбий хизматдан озод қилиш имтиёзларини қисқартириш тарафдори сифатида ҳам танилган.

2005 йил ноябрь ойидан бошлаб Сергей Иванов бир вақтнинг ўзида мудофаа вазири ва бош вазир ўринбосари вазифаларини бажариб, ҳарбий-саноат мажмуаси ҳамда инновациялар соҳасини назорат қилган. 2011 йил декабрь ойида у Россия Президенти Администрацияси раҳбари этиб тайинланган ва Дмитрий Медведевнинг президентлик муддати якунланганидан кейин ҳам ушбу лавозимда фаолиятини давом эттирган.

2016 йилда Владимир Путин уни табиатни муҳофаза қилиш, экология ва транспорт масалалари бўйича президентнинг махсус вакили этиб тайинлади. 2026 йил февраль ойида у ўз хоҳишига кўра мазкур лавозимни тарк этганди. Шу вақтгача у Россия Хавфсизлик кенгаши аъзоси ҳам бўлиб келган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг