Путин дунёни янги хавфдан огоҳлантирди

Олам 94947
image

Ғарб киритаётган санкциялар нафақат Россия, балки бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берди. Энди дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда таъкидлади.

“Улар (Ғарб давлатлари) Россияга қарши иқтисодий, молиявий, савдо ва бошқа санкцияларни қурол сифатида танлади, лекин бу билан европаликлар ва америкаликларнинг ўзларига зарба бермоқда. Бу ерда, улар айтганидек, ҳамма нарсада мамлакатимизни айблаб, касал бошдан соғлом бошга ўтишнинг ҳожати йўқ. Ғарб санкциялари бутун жаҳон иқтисодиётига жиддий зарба берди, энди дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади”, дейди Россия раҳбари.

Владимир Путин Ғарб киритган санкцияларни Россия Федерацияси миллий бизнеси учун сабоқ деб атади. Унга кўра, энг ишончли нарса хорижга эмас, ўзининг мамлакатига киритилган сармоядир.

“Россия Ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ мулк ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шундай экан мамлакатингизга сармоя киритишдан ишончлироқ нарса йўқ”, дейди у.

Россия раҳбарига кўра, Ғарбнинг Россия ва унинг фуқароларига қарши санкция сиёсати тажовузкорликнинг барча белгиларини ўз ичига олади.

Эслатиб ўтамиз, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Бундай санкцияларга Россия ҳам жим қараб турмаяпти. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 15 март куни АҚШга қарши жавоб санкцияларни эълон қилди. Москва “қора рўйхат”га АҚШ Президенти Жо Байден, Давлат котиби Энтони Блинкен, Мудофаа вазири Ллойд Остин, АҚШ Президентининг ўғли Хантер Байден ва бошқаларни киритган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 5311
Рейтинг: 2.9
t
×