Путин билан учрашмоқчи бўлаётган Байден Россияга қарши ҳужжат имзолади
Олам
−
15 Апрель 2021
14549АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 15 апрель куни Россияга қарши санкцияларни қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар берди.
АҚШ Молия вазирлиги эса кимга қарши чекловлар қўйилганига ойдинлик киритди.
Маълум қилинишича, АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви билан алоқадор деб тахмин қилинган 16 та ташкилот ва 16 нафар шахсга қарши санкциялар жорий қилинган.
Аллақачон, АҚШнинг “қора рўйхат”ига тушган Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Громовга ҳам санкция қўлланилган.
Шунингдек, Керчен кўприги (Россия билан Қрим яриморолини боғлаб турувчи кўприк – таҳр.) қурилишининг бир қатор иштирокчилари ва Қримдаги баъзи расмийларга нисбатан санкциялар қўлланилган.
Бундан ташқари, АҚШ Россиянинг Вашингтондаги дипломатик ваколатхонасининг 10 нафар ходимини мамлакатдан чиқариб юбормоқда.
Шу билан биргаликда, Қўшма Штатлар ўз компанияларига Россия Марказий банки, Миллий фаровонлик жамғармаси ҳамда Россия Молия вазирлиги томонидан чиқарилган қарздорлик қимматли қоғозларини тўғридан-тўғри сотиб олишни тақиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден 13 апрель куни Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, унга учинчи давлатда олий даражадаги учрашув ўтказишни таклиф қилганди.
Шу вақтгача, Финляндия, Австрия, Исландия ва Чехия давлатлари Байден ва Путин ўртасидаги учрашув учун мезбонлик қилишни таклиф қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь