Путин-Байден учрашувидан сўнг илк ижобий ўзгариш: Россия элчиси АҚШга қайтди 

Олам 4793
image

Россиянинг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов тахминан уч ойлик танаффусдан сўнг бугун, 20 июнь куни дипломатик фаолиятини давом эттириш учун Америкага қайтди. 

“Унинг самолёти Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги аэропортга қўнди”, дейилади ТАСС хабарида.

Маълум қилинишича, дипломат АҚШга “Аэрофлот”нинг мунтазам рейси билан учиб кетган. Антоновнинг аэропортдан тўғри Вашингтонга йўл олиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден жорий йилнинг 16 март куни Американинг ABC телеканалига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путинни “қотил”, деб билишини айтганди. Шундан сўнг, элчи Анатолий Антонов консультация учун Москвага чақирилган. АҚШнинг Россиядаги элчиси Жон Салливан ҳам Вашингтонга қайтиб кетган. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 16 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида Россия-АҚШ саммити бўлиб ўтди. Ла Гранж қасрида бўлиб ўтган Владимир Путин ва Жо Байден ўртасидаги юзма-юз учрашувда икки томонлама муносабатларнинг кўплаб қирралари муҳокама қилинди. Ушбу саммит якуни бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Путин икки давлат элчилари дипломатик фаолиятни давом эттириш учун хизмат жойларига қайтишини айтганди.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 150
Рейтинг: 2.9
t
×