Путин БААга етиб борди (видео)
Олам
−
06 Декабрь 2023
10927Бугун, 6 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин амалий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти Абу-Дабига борди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.
Россия раҳбарини аэропортда БАА Ташқи ишлар вазири Абдулла Бин Зоид Ол Наҳаён кутиб олди.
Путиннинг БАА Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан расмий учрашуви “Қаср ал-Ватан” саройида бўлиб ўтди. Россия раҳбари отлиқ эскорт ҳамроҳлигида асосий кириш эшигигача етиб борди. Улар БАА Президенти билан бирга давлат мадҳиялари янграган қабул залига йўл олди, сўнг сиёсатчилар фахрий қоровул сафидан ўтиб, суратга тушди. Тадбирда Россия ва БАА делегациялари аъзолари ҳам иштирок этди.
Режага кўра, дастлаб кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтади, шундан сўнг давлат раҳбарлари юзма-юз гаплашади. Сиёсатчилар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболларини янада ривожлантириш ҳамда жорий кун тартибини Яқин Шарқ масаласига алоҳида эътибор қаратган ҳолда муҳокама қилмоқчи. Кейин Россия Президенти Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Вазирлар кенгаши раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашиши режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, Путин ҳар икки давлат раҳбарияти билан 2024 йилда Россия ташкилотга раислик қиладиган BRICS'га қўшилиш бўйича музокаралар олиб боради.
“Bloomberg” нашри Путиннинг БААга ташрифини Вашингтоннинг Москвани дунёдан яккалаб қўйиш сиёсати муваффақиятсизлиги белгиси деб атаган. Нашрнинг қайд этишича, режалаштирилган учрашувлар Путиннинг Форс кўрфази давлатлари раҳбарлари билан алоқалари мустаҳкамланганидан далолат беради.
LiveБарчаси