Путин августда Туркияга боради
Олам
−
08 Июль 2023
4019Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин августда Туркияга боради. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 7 июль куни Истанбулда Украина Президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган музокаралар якунидаги матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз Россия ва Украина билан маҳбусларни алмашиш бўйича музокараларни давом эттирмоқдамиз. Келаси ой жаноб Путин Туркияга ташриф буюради. Ва биз яна бу мавзуни якка тартибда муҳокама қилиш имконига эга бўламиз. Келгуси даврда ҳам у билан телефон суҳбатларини давом эттираман”, дейди Туркия Президенти.
Эрдўған асирларни алмашиш масаласи ҳозирги кун тартибининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
“Бу мавзуни [Путин билан] телефон орқали ҳам муҳокама қиламиз. Умид қиламанки, тез орада натижага эришамиз”, дейди у.
Россия ва Туркия раҳбарлари мунтазам равишда телефон орқали мулоқот қилади. Охирги бундай алоқа 24 июнь куни бўлиб ўтди.
16 июнь куни Россия давлати раҳбарининг ташқи сиёсат масалалари бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Путиннинг Туркияга ташрифига тайёргарлик ҳали бошланмаганини ва саналар бўйича ҳозирча ҳеч қандай тушунча йўқлигини айтганди. Аммо Ушаков Эрдўғандан таклиф бўлганини ва икки президент ўртасида Анқара ёки Истанбулга ташриф буюриш навбати [Россия раҳбари] келгани ҳақида оғзаки келишув бўлганинибилдирди. 7 июль кун Россия етакчисининг матбуот котиби Дмитрий Песков икки президентнинг учрашуви келажакда бўлиб ўтиши мумкинлигини, бироқ аниқ сана ҳали маълум эмаслигини айтди.
LiveБарчаси