Путин Ашхободдаги форум иштирокчиларини BRICS саммитига таклиф қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Ашхободдаги “Замонлар ва цивилизациялар муносабатлари – тинчлик ва тараққиёт асоси” форуми иштирокчиларини Қозондаги BRICS саммитига таклиф қилди. Бу ҳақда у бугун, 11 октябрь куни форумда сўз очди.

Ашхободдаги форумда Путин Россия BRICS ва “BRICS plus/outreach” саммитларига мезбонлик қилишга тайёрланаётганини эслатди.

“Албатта, биз учрашувимиз мезбони Сердар Гурбангулевич Бердимуҳамедов ва ушбу форумда иштирок этаётган бошқа кўплаб етакчиларни Қозондаги тадбирларда қутлашни истаймиз”,  деди Путин.

Туркманистон пойтахтида мамлакат Президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида атоқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замонлар ва цивилизациялар ўзаро алоқаси – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форуми бўлиб ўтмоқда. Унда Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян, Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон ва Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Маълумот учун, BRICS саммити икки қисмдан иборат бўлади. Биринчи қисм – ташкилотга аъзо давлатлар мажлиси бўлиб, ушбу босқичнинг асосий тадбирлари 22 октябрь ва 23 октябрнинг биринчи ярмида бўлиб ўтади. Иккинчи қисм – “BRICS plus/outreach” формати бўйича мажлис, унда асосий мавзу “BRICS ва Глобал Жануб – яхшироқ дунё яратишда биргаликда ҳаракат қилиш” бўлади. Ушбу босқич тадбирлари 23 октябрнинг иккинчи ярмида бошланиб, 24 октябрда ҳам давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков BRICS саммитига Россия томонидан таклиф қилинган давлат раҳбарларининг учдан бир қисми Президент Владимир Путин ҳузурига боришдан бош тортганини маълум қилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Туркманистон Ашхобод BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг