Путин Аляскага борган биринчи Россия раҳбари бўлади
Олам
−
12 Август 8179 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин АҚШ томонидан 1876 йилда Россия империясидан сотиб олинган Аляска штатига ташриф буюрган биринчи Россия етакчиси бўлади.
Путин 15 август куни АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиб, Украина ва икки томонлама муносабатларни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Бу унинг АҚШга кўп йиллардан кейинги биринчи ташрифи бўлади. Путиннинг 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка қилган сафари унинг АҚШга сўнгги ташрифи бўлганди.
Қўшма Штатларга ўтмишда Никита Хрушчев, Леонид Брежнев, Михаил Горбачёв, Борис Елцин ва Дмитрий Медведевлар борган, бироқ Путин Аляскага ташриф буюрган биринчи Россия раҳбари сифатида тарихда қолади.
1732 йилда икки тадқиқотчи Михаил Гвоздев ва Иван Федоров томонидан кашф этилган Аляска ўтган йиллар давомида савдогарлар учун магнитга айланди. Дастлаб, бу ҳудуд Россия ҳудуди бўлган ва мўйна савдоси орқали Россия давлатига даромад келтирган. 1799 йилда минтақада Россия-Америка компанияси ташкил этилган.
Қрим уруши даврида бундай узоқ ва геосиёсий жиҳатдан нозик минтақани бошқариш ва ҳимоя қилиш харажатлари мумкин бўлган фойдадан ошиб кетгани маълум бўлди. Аляскани сотиш ғоясини биринчи марта 1857 йилда Россия подшоси Александр II нинг укаси княз Константин Николаевич илгари сурган. Кейинчалик, подшоҳ Александр II нинг розилиги билан 1867 йил 30 мартда Аляска Қўшма Штатларга сотилди. Тахминан 1 518 800 квадрат километрлик ҳудуд учун Қўшма Штатлар русларга 7 200 000 доллар тўлади. Бугунги курсда бу миқдор 150 миллион доллардан ошади.
Қўшма Штатлар Аляскани стратегик ва иқтисодий салоҳиятини баҳолаб, сотиб олди. Ўша пайтдаги АҚШ Давлат котиби Уилям Сьюард кўплаб америкаликлар томонидан муздан бошқа ҳеч нарса бўлмаган узоқ ва бефойда ерни сотиб олишга сабаб бўлгани учун танқид қилинган ва бу ҳолат “Сьюарднинг аҳмоқлиги“ деб номланган. Йиллар ўтиб, Аляска ўзининг олтин, нефть, табиий газ, балиқчилик ва стратегик жойлашуви билан қимматли деб топилгач, бу танқид ўз ўрнини “АҚШ тарихидаги энг фойдали ер сотиб олиш” ҳақидаги шарҳларга берди.
Беринг бўғози орқали АҚШнинг Аляскасидан Россиянинг Чукотка ярим оролигача бўлган масофа 86 километрни ташкил қилади. Бу ерда, Россиянинг Катта Диомед (Ратманов) ороли ва АҚШнинг Кичик Диомед ороли ўртасидаги 3,8 километрлик масофанинг ўртасида икки давлат чегараси жойлашган. Россия ва АҚШ ўртасидаги чегарани ташкил этувчи бу ҳудуд вақт зоналари ўзгариб турадиган асосий нуқтадир. Халқаро сана чизиғи бу ердан ўтади.
Путин-Трамп саммити АҚШ ҳудудида 2025 йилнинг 15 августида, чегаранинг нариги томонида, Россиядаги календарларида эса 2025 йилнинг 16 августида бўлади. Икки давлат ўртасидаги масофа қисқа бўлишига қарамай, вақт фарқи 21 соатни ташкил қилади.
Live
Барчаси