Путин, Алиев ва Пашинян ўртасидаги музокаралар уч соат давом этди
Олам
−
26 Ноябрь 2021
6394Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин ва Илҳом Алиев, шунингдек, Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Сочида бўлиб ўтган уч томонлама музокаралари ниҳоясига етди, улар тахминан уч соат давом этди, деб маълум қилди РИА Новости агентлигига Россия давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков.
“Ҳа, уч томонлама учрашув тугади”, дейди Песков.
Музокаралар чоғида томонлар, хусусан, Қорабоғ можароси ҳудудидаги вазият ва уни ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилдилар, шунингдек, ўтган йил давомида уни барқарорлаштириш бўйича қилинган ишларга баҳо бердилар. Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг музокаралари Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш декларацияси имзоланганининг бир йиллигига тўғри келди ва Россия томонининг ташаббуси билан ўтказилди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил сентябрь ойи охирида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар авж олди, бу узоқ муддатли можаронинг давомига айланди ва тинч аҳоли вакилларининг қурбон бўлишига олиб келди.
Томонлар сулҳ тузишга бир неча бор уринишди, бироқ 10 ноябрга ўтар кечаси эришилган уч томонлама келишув муваффақиятли бўлди ва 44 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлар тўхтади. Москва воситачилигида Озарбайжон ва Арманистон ўт очишни тўлиқ тўхтатишга, ўз позицияларида қолишга, асирлар ва ўлганларнинг жасадларини алмашишга келишиб олдилар. Бундан ташқари, урушлараро даврда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси назоратида бўлган Келбажар ва Лочин районлари, шунингдек, Агдам районининг бир қисми Бокуга ўтди. Россия тинчликпарвар кучлари эса минтақада, жумладан, Лочин коридорига жойлаштирилган.
LiveБарчаси