Путин – агрессор, украиналиклар эса қурбон – Санчес
Олам
−
17 Июнь
6554Испания Украинани Путиннинг тажовузкорлигига қарши курашда қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Испания Бош вазири Педро Санчес Глобал тинчлик саммитидаги чиқишида маълум қилди.
“Испания зарур бўлган вақтгача Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади. Чунки бу можарода бир нарса аниқ: Путин – агрессор, қурбон эса Украина халқи. Ҳар бир можарода биз Украинани ҳимоя қилишимиз керак”, дейди Санчес.
Унинг таъкидлашича, саммит иштирокчилари ҳар бир давлат суверенитетини ҳурмат қилиш каби асосий қадриятлар атрофида тўпланганлиги ҳақида жуда аниқ хабар беришлари керак. Шунингдек, Педро Санчес Путин халқаро ҳуқуқ ва халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш зарурлигини эслатди.
“Тажовуз ёки зўравонлик билан амалга оширилган аннексияни тасдиқловчи ҳар қандай ечим узоқ давом этмайди. Бундай ёндашув бизни янада беқарор ва хавфли дунёга олиб киради”, дея хитоб қилди Испания ҳукумати раҳбари.
Санчесга кўра, ушбу учрашув барча тегишли иштирокчилар, шу жумладан Россия билан келажакдаги ечимни муҳокама қилиш мумкин бўлган консенсусни шакллантиришга ёрдам беради.
“Ukrinform”нинг хабар беришича, Швейцариядаги глобал тинчлик саммитининг асосий мавзулари ядровий ва озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек, гуманитар жиҳатлар, жумладан, асирларни алмашиш ва депортация қилинган украиналик болаларни қайтаришни ўз ичига олади.
Маълумот ўрнида, 15-16 июнь кунлари Швейцариянинг Бюргеншток шаҳрида Украина томонидан Швейцария ҳукумати билан биргаликда ташкил этилган тинчлик саммити бўлиб ўтди. Бу Украинанинг энг йирик дипломатик лойиҳаси бўлиб, унинг ёрдамида мамлакат расмийлари Россия билан урушни тугатишни режа қилган. Можаронинг асосий иштирокчиси бўлган Россия таклиф қилинмаган саммитда 92 та давлат ва 8 та халқаро ташкилотнинг делегациялари қатнашди.