Путин 9 май муносабати билан сулҳ эълон қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 9 май куни ўтказиладиган Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан сулҳ эълон қилди. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия армияси Москва вақти билан 8 майга ўтар кечаси соат 00:00 дан 11 майга ўтар кечаси соат 00:00 гача барча жанговар ҳаракатларни тўхтатади.

“Қарор инсонпарварлик мулоҳазаларидан келиб чиқиб қабул қилинди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Кремль матбуот хизмати Украина томони ҳам шундай йўл тутиши кераклиги ва агар сулҳ бузилса, Россия армияси самарали жавоб бериши ҳақида огоҳлантирган.

“Россия томони Украина инқирозининг асл сабабларини бартараф этишга қаратилган олдиндан ҳеч қандай шартларсиз тинчлик музокараларига, халқаро ҳамкорлар билан конструктив ҳамкорликка тайёрлигини яна бир бор маълум қилади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путин Киевнинг фуқаролик инфратузилмасига зарба беришни тўхтатиш ҳақидаги таклифини ўрганишини ҳамда Россия ва Украина ўртасида тўғридан тўғри музокаралар ўтказишга рухсат беришини айтган эди. Қолаверса, Президент матбуот котиби Дмитрий Песков бугун, 28 апрель куни журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина Россия билан тўғридан тўғри музокараларни қайта бошлашга тайёрлиги ҳақида сигнал бериши кераклигини гапирганди.

Украинада Пасха сулҳи

Олдинроқ Россия Президенти Путин Пасха байрами муносабати билан 19 апрель соат 18:00 дан 21 апрель соат 00:00 гача сулҳ эълон қилганди.

“Ушбу 30 соатлик муддат ичида Россия қўшинларига барча ҳарбий операцияларни тўхтатиш буйруғи берилди”, дея хабар берганди Кремль матбуот хизмати ўшанда.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса Украина Қуролли Кучлари Бош Қўмондони Александр Сирскийнинг ҳисоботига таяниб, Россия ўзига эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимини икки мингдан ортиқ марта бузгани, ҳужумлар уюштиргани, ўққа тутгани ва учувчисиз самолётлардан фойдаланганини таъкидлади.

“Бироқ 20 апрель, якшанба куни ҳаво таҳдиди сигнали бир марта ҳам эшитилмади”, деган Зеленский.

Россия томони ҳам, ўз навбатида, Украина Қуролли кучларини Пасха сулҳини бузганликда айблаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг