Путин ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Таҳлил
−
31 июл 2646 8 дақиқа
“Тушуняпсизми, қизғин урушда биз Украинани 2 кунда енгамиз. Уни енгиш нима бўлибди, ахир у Украина-ку”, деган эди Маргарита Симонян 2021 йил апрель ойида.
Урушдан олдин нафақат Россияда, балки бутун дунёда ҳам шу каби фикрлар кенг тарқалган эди. Ахир ер шарининг энг қудратли иккинчи армияси ҳисобланган Россия Қуролли кучларидан кутувлар катта бўлган.
Бироқ орадан 4 йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Барчамиз гувоҳ бўлганимиздек, Россия унчалик ҳам қудратли эмас, Украина ҳам кутилганидек заиф эмас экан. НАТОнинг ҳарбий ёрдами, Европанинг қўллови деган баҳоналарни бир четга суриб қўйиб, тан олиш керак, шунча вақтдан бери бўйин эгмай келаётган украин халқига қойил қолмай иложимиз йўқ.
Россия эса, тинимсиз ҳарбий харажатларни оширмоқда, арсенал тинимсиз камаймоқда, ҳарбийлар етишмаяпти, қисқа қилиб айтганда уруш Москвани тобора қаттиқ “бўғмоқда”. Шундай вазиятда Россия Президенти Владимир Путин ҳукуматга Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларни ўзгартириш бўйича музокараларни бошлашга буйруқ берди. 10 йилдан ошиқроқ вақт давомида бирор бир тузатиш киритилмаган бу битимларнинг айнан ҳозир ислоҳ қилиниши, одамларда наҳотки собиқ “катта оға”га Ўзбекистон ёки Қозоғистоннинг ёрдами керак бўлиб қолди деган фаразларни пайдо қиляпти. Хўш, Москванинг илинжи нима? Путин ҳокимияти Марказий Осиёдан яна нима кутмоқда? Бугун шу каби саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.
Эски битимлар
27 июль куни Президент Владимир Путин ҳукуматнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан амалдаги ҳарбий-техник ҳамкорлик шартномаларига ўзгартиришлар киритиш бўйича музокаралар ўтказиш таклифини қабул қилувчи иккита фармонни имзолади. Ҳужжатлар ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинди.
Москва бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон билан амалдаги битимларни қайта кўриб чиқишга киришаётган бўлса, бунинг ҳуқуқий пойдевори бундан қарийб 10 йил аввал яратилган эди.
Биринчи муҳим ҳужжат 2013 йил 24 декабрь куни Москвада Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида имзоланди. Битим икки давлат ўртасидаги қурол-яроғ савдоси билан чекланмай, анча кенг кўламли ҳамкорликни назарда тутган. Унга кўра, томонлар ҳарбий маҳсулотлар, қурол-аслаҳа ва махсус техникаларни ўзаро етказиб бериш, уларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, янги қурол тизимларини биргаликда ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик қилиши белгиланганди. Бундан ташқари, битим ҳарбий кўргазмалар, техник тақдимотлар, экспертлар учрашувлари ва тажриба алмашинувини ҳам ўз ичига олган.
Ўзаро келишув имзолангач, рус қурол-аслаҳалари Қозоғистонга олдингидан ҳам кўпроқ кириб кела бошлади. Кейинги йилларда Қозоғистон Россиянинг энг йирик ҳарбий техника харидорларидан бирига айланди. Мамлакат Россияда ишлаб чиқарилган кўп мақсадли Су-30СМ қирувчи самолётларини босқичма-босқич қабул қилиб олди ва улар Қозоғистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг асосий жанговар платформаларидан бирига айланди. Бундан ташқари, Россия ишлаб чиқарган Ил-76МД-90А ҳарбий транспорт самолётларини харид қилиш ҳам айнан ушбу ҳамкорлик доирасида амалга оширилди. Натижада 2013 йилда имзоланган битим икки давлат ўртасидаги ҳарбий алоқаларни стратегик даражага олиб чиқди ва Қозоғистон ҳарбий соҳада Москвага тобора қаттиқроқ боғланиб қолди.
Ўзбекистон билан шунга ўхшаш битим эса анча кечроқ, 2016 йил 29 ноябрь куни имзоланди. Ҳужжат мазмунан Қозоғистон билан тузилган келишувга жуда яқин бўлиб, қурол-яроғ ва ҳарбий маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш, ҳарбий техникани таъмирлаш ва модернизация қилиш, қўшма илмий-тадқиқот ишлари, ишлаб чиқариш кооперацияси, интеллектуал мулк ва технологиялар алмашинуви, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш ҳамда қўшма ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйишни назарда тутган. Шунингдек, ҳужжатда махфий маълумотларни ҳимоя қилиш, учинчи давлатларга технологияларни узатишни чеклаш ва ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи механизмлар ҳам алоҳида белгилаб қўйилган.
Битимдан кейинги йилларда ҳамкорлик амалий натижалар бера бошлади. 2017–2019 йиллар давомида Ўзбекистон Россиянинг давлат экспорт кредити ҳисобидан 12 та Ми-35М жанговар транспорт вертолётини харид қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибидаги қарийб 30 та МиГ-29 қирувчи самолёти модернизация қилинди. Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги музокараларда Су-30СМ қирувчи самолётларини етказиб бериш, “Сопка-2” радиолокацион мажмуаси ҳамда “Печора-2М” зенит-ракета комплексларини харид қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу эса ҳамкорлик фақат мавжуд техникаларни таъмирлаш билан чекланмай, Ўзбекистон ҳаво мудофааси ва авиация салоҳиятини янги авлод техникалари билан мустаҳкамлашга қаратилганини кўрсатади.
Бугун Москва айнан шу икки битимни қайта кўриб чиқишни таклиф қилмоқда. Россия расмийларига кўра, амалдаги келишувлар қурол-яроғ етказиб бериш, модернизация, илмий ишланмалар, қўшма ишлаб чиқариш ва кадрлар тайёрлашнинг умумий тамойилларини белгилаб берган. Бироқ сўнгги 10 йил ичида ҳарбий технологиялар, геосиёсий вазият ва минтақадаги хавфсизлик муҳитининг сезиларли ўзгариши Кремлни ушбу ҳуқуқий базани янгилаш зарур деган хулосага олиб келган.
Янги битимдан нималар кутилмоқда?
Уруш жиловини йўқотиб қўйган Путин энди Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ёрдамига умид қилаётган бўлса ажаб эмас. Айнан янги қонун асосида бошланувчи музокаралар ҳам мамлакатлар ўртасида ҳарбий интеграцияни чуқурлаштиришга йўналган бўлишининг эҳтимоли юқори.
Бугун ҳар икки Марказий Осиё давлати ҳам ўзининг ҳарбий саноатига эга. Айниқса, бу борада Ўзбекистон анча илдамлаб кетган. Украина ва Эроннинг арзон, аммо самарали жанг услубининг сўнгги йиллардаги муваффақиятидан келиб чиқсак, бугун йилдан йилга мамлакатда ривожланиб бораётган дрон саноати ҳам ниҳоятда катта аҳамиятга эга. 2022 йилдан Давлат мудофаа саноати қўмитаси қошидаги Илмий-ишлаб чиқариш маркази томонидан ишлаб чиқилаётган “Лочин” дронлари ёки Sahro Drone Industry компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган мини-дронлар, FPV ва разведка дронлари нафақат мудофаа саноатида, балки халқаро майдонда ҳам аста-секин ишонч қозонмоқда.
Бундан ташқари, қатор зирҳли ҳарбий транспорт воситалари ҳам бугун Ўзбекистон мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 22 июль куни Nurafshon maxsus texnika заводига ташриф буюрди ва KRANTAS бренди остида чиқарилаётган 155 мм “To’fon” ўзиюрар артиллерия қуроллари ҳамда модернизация қилинган Т-64 танки каби замонавий техник қурилмалар билан танишди. Бундай техникалар чет эл бренди лицензияси ёки хориждан сотиб олинган лойиҳа асосида ишлаб чиқарилмаяпти, тўлиқ нолдан ўзбек муҳандислари томонидан яратилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг ҳарбий соҳада тобора мустақиллашишга интилаётганини кўрсатмоқда.
Қозоғистонда эса вазият бироз бошқача. СССР парчаланганда Қозоғистон 196 та мудофаа корхонасини мерос қилиб олди. У ерда торпедалар, денгиз базасидаги ракеталар, радиоэлектрон ускуналар, йўналтириш тизимлари, танк қурол-яроғи, қўл қуроллари, ракета тизимлари, ракетага қарши мудофаа тизими компонентлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) воситалари ишлаб чиқарилган. СССРнинг барча артиллерия тизимларининг 11 фоизи, барча пиёда жанговар машиналарининг 18 фоизи шу ерда чиқарилар эди. Аммо СССР парчалангандан сўнг, бу саноат ҳам аста-секин заволга юз тутди.
Аммо Назарбоев ҳукумати бу саноатни тиклашга қарор қилди. 2003 йилда давлат қолган 16 та корхонани ягона “Қозоғистон инжиниринг” (Kazakhstan Engineering) миллий компанияси таркибига бирлаштирди. 2000 йиллар ўрталаридан бошлаб саноатни жиддий тиклаш ишлари бошланди. Уларда бронетехника, ҳарбий кемалар, вертолётлар, ўқ-дорилар, артиллерия, портловчи моддалар ва кичик қуроллар ишлаб чиқарила бошлади. Аммо муҳим жиҳати шундаки, Қозоғистондаги заводлар асосан йиғиш билан шуғулланар, технологик ишланмалар эса ҳануз Россиядан келарди. Бу эса мамлакатни ҳануз Москвага боғлаб қўяётган эди.
Бироқ 2022 йилдан сўнг Россия мудофаа саноатига санкциялар қўйилиши ортидан Остона ҳам ҳарбий таъминотни диверсификация қилишга киришди. Туркия билан ҳамкорликда зирҳли машиналар ва дронлар, Исроил ҳамда Франция билан келишув асосида радарлар, шунингдек, оптик қурилмалар ишлаб чиқаришни бошлади. Россия таъсиридан қочиш илинжида НАТО стандартларини қабул қилиб, ASPAN лойиҳасини ишга туширди. ASPAN-1 заводи 2027 йилдан артиллерия снарядлари ва миналар ишлаб чиқаришни бошлаши кутилмоқда.
Қисқа қилиб айтганда, ҳар икки мамлакат ўз ҳарбий саноатини яхшигина ривожлантириб олди. Ҳар икки давлатда ҳам тобора рус техникаларига эҳтиёж камайиб бормоқда. Бу эса, шубҳасиз, Путин маъмуриятини хавотирга солиб келмоқда.
Россия бу қарорни Украинанинг жиддий босимларидан сўнг қабул қилаётгани одамларда “энди позициялар ўзгариши мумкин, Ўзбекистон ва Қозоғистон Россияга қурол сотиши мумкин”, деган фикрларни пайдо қилиши мумкин. Аммо ишонч билан айтиш мумкинки, икки давлатнинг айни пайтдаги қонунчилиги бунга йўл қўймайди.
Аввало, масаланинг ҳуқуқий томонига эътибор қаратиш керак. Гарчи Қозоғистон Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Россия бошчилигидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо мамлакат ҳисобланса-да, мамлакат 2022 йилдан буён ҳарбий маҳсулотлар экспортига қатъий чекловлар қўллаб келмоқда. Мамлакат ҳукумати қурол-яроғ, ҳарбий техника ва уларга тегишли маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлаган. Бу тақиқ маълум бир давлатга эмас, балки барча ташқи йўналишларга татбиқ этилади. Шу сабабли, Қозоғистоннинг Россияга расмий равишда қурол етказиб бериши нафақат сиёсий, балки мамлакатнинг ўз қонунчилигига ҳам зид ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг позицияси ҳам бундан кескин фарқ қилмайди. Тошкент Россия – Украина уруши бошланганидан буён “фаол бетарафлик” сиёсатини сақлаб келмоқда. Расмий баёнотларда Украина ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш, можарони дипломатик йўл билан ҳал этиш ва уруш томонларидан бирини ҳарбий жиҳатдан қўлламаслик тамойили бир неча бор такрорланган. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Россияга очиқ тарзда қурол ёки ҳарбий техника етказиб бериш Ўзбекистоннинг ҳозирги ташқи сиёсий йўлига ҳам, унинг Ғарб давлатлари билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларига ҳам жиддий зарар етказиши мумкин.
Шундай экан, Путиннинг янги ташаббуси автоматик равишда Ўзбекистон ва Қозоғистон Россиянинг ҳарбий таъминотчисига айланади деган маънони англатмайди. Албатта, янги шартномада Москва нималарни таклиф қилишини аниқ айтиш қийин. Аммо жиддий ўзгаришларга бугун халқаро майдонда тобора овози баланд чиқаётган Марказий Осиёнинг икки етакчи давлати йўл қўймаса керак. Ҳар ҳолда, Путин ҳозирги вазиятда таҳдид қилолмаслиги аниқ. Мутахассисларнинг фикрича, бу ўзгаришлардан мақсад – минтақада Россия ҳарбий саноатининг таъсирини сақлаб қолишга уриниш ва уруш вақтида Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон билан қўшма лойиҳалар устида ишлаш бўлиши мумкин. Бироқ қўшма лойиҳа ғоясининг ўзи ҳам икки мамлакатнинг кўп векторли сиёсатига салбий таъсир қилиши мумкин.
Қисқача хулоса қиладиган бўлсак, Путин ҳам ўз вазиятини тўғри баҳолаб, ҳадди сиғадиганини сўрайди. Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам ўз манфаатларидан келиб чиқиб ё шартларни қабул қилади, ёки йўқ.
Live
Барчаси