Путин ҳам Эрдўғанга ҳамдардлик билдирди
Олам
−
15 Октябрь 2022
6054Россия Президенти Владимир Путин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ўнлаб одамларнинг ўлимига олиб келган кўмир конидаги авария муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Кремль расмий сайти хабар берди.
“Жаноб Президент, Бартин вилоятидаги кўмир конида юз берган авариянинг аянчли оқибатлари муносабати билан менинг чуқур ҳамдардлигимни қабул қилинг. Марҳум кончиларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлаш сўзларини етказинг. Шунингдек, барча жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилаб қоламиз”, дейилади хабарда.
Туркиянинг Бартин вилоятидаги Амасра минтақасидаги кўмир конида содир бўлган портлаш оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 28 киши ҳалок бўлган, 11 киши шифохонага ётқизилган.
Аввалроқ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев кондаги портлашда ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан Эрдўғанга ҳамдардлик билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 октябрь куни куни Туркиянинг Бартин вилоятидаги Амасра шаҳридаги кўмир конида, 300 метр чуқурликда портлаш юз берди.
Туркиянинг табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) маълумотларига кўра, портлаш трансформатор носозлиги туфайли содир бўлган. Аммо кейинроқ агентлик бу маълумотни рад этиб, фавқулодда ҳолат сабаблари ҳали аниқланмагани ҳақида баёнот берди.
LiveБарчаси