Алиев Эрдўғанга таъзия билдирди
Олам
−
15 Октябрь 2022
5833Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга Бартин вилоятидаги кўмир конида содир бўлган портлашда ўнлаб кишиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
“Бартин вилоятидаги кўмир конида содир бўлган портлашда кўп сонли одамнинг ҳалок бўлгани ва жароҳатлангани ҳақидаги хабардан чуқур ҳайратда қолдим. Биз қайғуни тўлиқ баҳам кўрамиз, ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига, бутун турк халқига ҳамдардлик билдирамиз, жароҳатланганларга соғайиб кетишини тилаймиз”, дейилади Озарбайжон раҳбари мактубида.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазири Жайҳун Байрамов ҳам турк халқига ҳамдардлик билдирди.
“Бартиндаги портлашда ҳалок бўлганларнинг руҳлари шод бўлсин. Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр, жароҳатланганларга тезроқ соғайиб кетишларини тилайман. Вайроналар остида қолганларнинг ҳам нажот топишига умид қиламан”, деб ёзди Байрамов Twitter’да.
Туркиянинг Бартин вилоятидаги Амасра минтақасидаги кўмир конида содир бўлган портлаш оқибатида, сўнгги маълумотларга кўра, 28 киши ҳалок бўлган, 11 киши шифохонага ётқизилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 14 октябрь куни куни Туркиянинг Бартин вилоятидаги Амасра шаҳридаги кўмир конида, 300 метр чуқурликда портлаш юз берди.
Туркиянинг табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) маълумотларига кўра, портлаш трансформатор носозлиги туфайли содир бўлган. Аммо кейинроқ агентлик бу маълумотни рад этиб, фавқулодда ҳолат сабаблари ҳали аниқланмагани ҳақида баёнот берди.