Пўлат Бобожонов илк бор Ўзбекистондаги маҳкумлар сонини ошкор қилди
Жамият
−
17 Август 2020
24154Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида 23 мингга яқин маҳкум бор. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзАга берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Аслида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг либераллаштирилиши натижасида сўнгги ўн йилликда жазо муддатини ўтаётган шахслар сони кескин қисқарди. Реал ҳолатга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келади. Ушбу рақамлар биринчи маротаба очиқланмоқда”, деди вазир.
Қайд этилишича, ушбу маълумотларнинг очиқланиши Ўзбекистоннинг мазкур рўйхатдаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланишини кўрсатади. Ҳозирда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда.
Вазирнинг сўзларига кўра, жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бундан буён расмий сайтларда эълон қилиб борилади.
“Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди.
Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва халқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этиш ҳамда юртдошларимиз ва хорижий экспертларнинг жазони ижро этиш тизимига оид аниқ маълумотларга эга бўлиш имконини беради”, дейди Бобожонов.
Билдирилишича, жазони ижро этиш муассасаларига қарашли корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 80 фоизга яқини фойдали меҳнатга жалб этилган. 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида 3 минг 559 та янги иш ўрни яратилиб, 1минг 352 нафар маҳкум меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди ва уларга тегишли сертификатлар берилган.
2020 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида шундай корхоналар томонидан 100,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ишлаётган ҳар бир маҳкумга ўртача 700-800 минг сўм, айрим мутахассисликлар бўйича эса, 1,5-2 миллион сўмгача ойлик маош берилмоқда.
LiveБарчаси