Пригожин исён пайтида Шойгу ва Герасимовни асирга олмоқчи бўлган – WSJ
Олам
−
28 Июнь 2023
11727“Вагнер” асосчиси Евгений Пригожин исён пайтида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни қўлга олишни режалаштирган. Бу ҳақда Ғарб разведка манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” хабар берди.
Айтилишича, Пригожиннинг асл режаси Шойгу ва Герасимовни Ростов-Донга босқинда қўлга олиш бўлган. Бироқ, “Вагнер” асосчиси томонидан ишлаб чиқилган режалар амалга оширилишидан икки кун олдин, Федерал хавфсизлик хизмати буни аниқлаган.
Ўшанда Пригожиннинг ниятидан нафақат Россия махсус хизмати, балки Ғарб разведкаси ҳам хабардор бўлган. Разведка маълумотларига кўра, унинг дастлабки режаси муваффақиятга эришиши учун яхши имкониятга эга эди. Бироқ маълумотлар сизиб чиққанидан сўнг, “Вагнер” асосчиси “импровизация” қилишга мажбур бўлган ва режалаштирилганидан олдинроқ ҳаракатни бошлаган.
Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, “Вагнер”нинг Ростов-Дон устидан назоратни осонлик билан ўз қўлига олгани баъзи мунтазам армия қўмондонлари ҳам фитнага қўшилган бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Манбада айтилишича, Россия ҳарбийларининг бир қисми унинг тарафини олган ва Пригожинга умид билдирган.
Шунингдек, Ғарб разведкаси Пригожин юқори мартабали россиялик зобитларга, жумладан, генерал Сергей Суровикинга ҳам режалар ҳақида гапирган, деб ҳисоблайди. Суровикин бундан кейин фитна ҳақида маълумотни ФХХга берган ёки бермагани номаълум.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси